Психология фани билимдони

Мусо Халилов илм-фан сирларини пухта эгаллаган, фидойи, меҳнатсевар инсонлардан бири эди.
Мусо ака 1936 йилда Грузиянинг Адигей туманида туғилди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида 5 ёшли Мусо оиласи билан биргаликда Ўрта Осиёга сургун қилинади.
Ўрта Осиёнинг турли жойларига тарқатилган оилалар орасида Самарқанд вилояти Оқдарё туманининг Лойиш қишлоғи Мусо учун янги хаётнинг бошланиш жойи бўлди. Бу қийинчиликлар сабаб Мусо тенгдошларидан бироз кечроқ мактабга борган бўлса-да, илм олишга меҳр кўйди. У дастлаб Окдарё туманидаги 20-мактабда ўқиди. Мактабни битиргач, СамДУнинг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ўқишга кирди. Талабалик йиллариданоқ университет ҳаётида фаол қатнашиб, устозлари меҳрини қозонди.
М.Халилов 1961 йилда ўқишни имтиёзли диплом билан тугатгач, педагогика ва психология кафедрасида илмий фаолият олиб борди, ёшларга сабоқ берди, шогирдлар етиштирди.
У 1973 йилда Ломоносов номидаги Москва давлат университетида психология йуналиши бўйича олий таьлим ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўлимида таълим олди. Кейинчалик «Ўқувчиларнинг маънавий тарбиясида ўзбек адабиётини ўқитиш принциплари», «Билиш жараёнлари психологияси», «Умумий психология», «Умумий психология 1-2-қисм» каби юзлаб мақола, ўнлаб илмий китоблар яратди.
У 2000 йилда халқ таълими соҳасининг моддий ашёвий асосини мустаҳкамлаш, ўқитувчи ва ўқувчиларни рағбатлантиришдаги холисона хизматлари учун «Таълим фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Илмий изланишларининг сўнгги йилларида оила психологияси билан шуғулланар экан, бахтли оила қуришнинг йўллари, фарзанд тарбиясида ота-онанинг роли масалаларида илмий изланишлар олиб борди. Бунинг натижасида «Ҳаёт чароғисан, қизгина» китобини ёзди.
Тажрибали психолог, моҳир мураббий Муса Халилов 2008 йилда вафот этди. Устоз вафотидан сўнг «Ҳаёт чароғисан, қизгина» китоби СамДУ томонидан чоп этилди. Устознинг илмий-амалий асарларидан ҳозиргача университет ўқитувчи ва талабалари фойдаланиб келмоқда.
Бугунги кунда олимнинг фарзандлари отасининг ижодий ишларини жамлаб, уйида кутубхона ташкил қилган.
Мушарраф Салоҳиддинова.