Публицистика: Дардингни олай, дунё!

Болалигимда жуда сердард эдим. Ҳар замон-ҳар замонда иссиғим кўтарилиб, иситма қилиб турганим ҳамон ёдимда. Шунда отам анор сиқиб бериб, ўзларича муолажа қилган бўлардилар ва бир-икки кун ётиб, яна ўйнаб кетардим. Тўртинчи синфда ўқиётган пайтимда сариқ касали билан оғридим. Сариқ касалига майнанинг гўшти дори эканлигини эшитган Муяссар аммам аллақаёқдан майна тутиб пишириб келганлари ва қушнинг чучмал таъмли гўштини отамдан қўрққанимдан ижирғаниб-ижирғаниб еганимни кечагидай эслайман.

Ўшанда шу бемаза таомни пишириб келган аммамни росаям ёмон кўриб кетганимни эсласам, алланечук бўламан. Кейинчалик билдимки, у кишининг ўз фарзандлари бўлмай, бор меҳрларини бизга қўйган эканлар. Бироқ майна гўштидан наф бўлмади чоғи, мени туманимиз марказидаги Қўрғон шифохонасига ётқизишди. Йигирма кун давомида аччиқ дорилар ва эмигнанинг жабрини тортиб соғайганимдан сўнг ҳам қарийб бир ой уйда ўтириб, кейин мактабга борганман. Шу-шу бўлдию ортиқ иситмам чиқиб, оғримайдиган бўлдим. Ҳарбий хизмат давримда шамоллаб, бир ойча госпиталда даволанганман. Кейинчалик қирқ ёшимда грипп билан оғриб пенициллин билан тузалганимга йигирма беш йилдан ошиб кетганди. Шундан буён арзимас тумов-йўталларни ҳисобга олмаганда, бирор марта ҳам жиддий оғримаган, касалхоналарда даволанмаган ва ҳатто, грипп бўлганимда ҳам енгил-елпи, оёқда ўтказиб келардим.

Аммо шу йил август ойининг ўрталарида ўзимни ёмон сеза бошладим. Дастлаб томоғим оғриб, ютинишим қийинлашиб қолди. Сўнгра иссиғим кўтарилиб, иситма қилдим. Ҳароратим 39 даражадан ҳам юқорилаб кетди.

Ғамингдан ўт ёниб тушди бугун жону жаҳонимга,

Оловдан парчалар кўпчиб, ки ҳар бир устухонимга.

 

Куйиб ёндим жаҳаннамда, қани кавсар суви, жоно,

Сақардин лахчалар ёғди гўё дону сомонимга.

 

Вужудим ўт тушиб куйди, мисоли хору хаслардек,

Ажаб, сув ҳам оловдек этди озорин омонимга.

 

Илондек тўлғониб чиқдим, танамда тоқатим қолмай,

Гўё олам тўлиб тошди аламли оҳ-фиғонимга.

 

Худойберди, тиларман, энди сендин илтижо айлаб,

Ол энди оташингни, ёр, раҳм этгил бу жонимга.

Бир ҳафта давомида уйда дори, эмигна воситасида даволаниб, иситмам сал тушди. Бироқ аста-секин нафас олишим қийинлаша бошлагач, турмуш ўртоғим билан Самарқанд шаҳрида ташкил этилган вилоят коронавирус касаллигидан даволаш марказига боришга мажбур бўлдик. Бизни қабул қилгач, зудлик билан муолажани бошлаб юборишди.

Энг қизиғи шундаки, Хитойнинг Ухань шаҳрида пайдо бўлиб, бутун дунёга яшин тезлигида тарқалган бу дард одатий касалликларга ўхшамасди. Бошим оғримасдан фақат миям қизиди. Уйқу тамоман тарк этди. Баъзан пинакка кетиб кўзим юмилиши билан босинқираб, алғов-далғов қўрқинчли манзаралар кўзимга кўринарди. Гўё мени бир мараз газанда чаққану унинг заҳари аъзои баданимга тарқалиб кетгандек. Айниқса, тинкаи мадорим қуриб, нафас олишим қийинлашиб қолганди. Аҳволим шу даражага бордики, ўтиришга ҳам мажолим қолмади. Бир неча кун давомида кислород билан тўйинтирилган ҳаво бериб туришди. Тинимсиз дори-дармонлар билан муолажа қилишди. Ниҳоят, саккизинчи кун деганда, қоним таркибидаги кислород миқдори меъёрига етди. Яна икки кун давомида ўзим мустақил нафас ола бошлаганимдан сўнг, даволанишни давом эттириш шарти билан уйга кетишимизга рухсат беришди.

Марказда даволаниш учун ётганим ўн кун давомида нималарга гувоҳ бўлмадим дейсиз. COVID-19 касаллигидан азоб чекаётган кекса беморлар, бурнидан чертиб юборсанг йиқилгудек тобга келган полвонсифат йигитлар, нафас олишга қийналиб ётган кишилар, қўйингки бу ерда ҳаёт билан ўлим орасида беомон жанг кетаётгандек эди.

Кўп савдо кўрдим дунёда, ноннинг савдосини кўрдим.

Қаймоқ савдосини кўрдим, қоннинг савдосини кўрдим.

Ҳатто вақт ҳам сотилгайдир, бозорда нон сотилгандек,

Йилнинг савдосини кўрдим, оннинг савдосини кўрдим.

Кимдир талашар номус деб, юзсизга зарра йўқ қадри,

Шуҳрат савдосини кўрдим, шоннинг савдосини кўрдим.

Амал – савдо, тақал – савдо, самар – савдо, камар – савдо,

Беклик савдосини кўрдим, хоннинг савдосини кўрдим.

Комил бўлди кўрганларим, қўл силташиб турганларим,

Умримда биринчи бора жоннинг савдосини кўрдим.

Шубҳасиз, курашнинг олдинги марраларида шифокорлар туришарди. Уларнинг ҳаммаси гўё ўзга сайёрадан келиб қолган фазогирларга ўхшар эдилар. Мен бугун уларнинг бирорталарини ҳам қиёфаларини эслай олмайман. Чунки уларнинг барчалари космонавтлардек кийиниб, ниқоб тақиб олишган, ҳаммалари бир-бирларига ўхшаб кетишарди. Шифокорлар, ҳамширалар ва санитарларнинг исмларини фақат елкаларидаги ёзувдан ўқиб билиб олиш мумкин, холос. Бевосита бизга хизмат кўрсатган тиббиёт ходимларини номма ном санаб беришим мумкин: Олимжон, Қобилжон, Баҳодиржон, Зафар, Фарҳод, Нодира, Насиба, Дилрабо, Муҳаррам, Мафтуна, Шаҳноза, Ойсанам, Дилфуза, Шаҳло, Нафосат, Машҳура, Зулфия, Наргиза, Гўзал... Афсуски, даволовчи опа-сингил врачлар: Навбаҳор ва Шоҳида Хушвақтовалардан бошқа бирорталариниям фамилияларини билмайман. Уларнинг бирлари бизга муолажа тайинлашар, бошқалари дори бериб, эмигна санчишар, яна бошқалари палатага овқат келтириб, тозалик-озодаликни таъминлаб туришарди. Ўн кун давомида уларнинг бирорталаридан ёмон гап ёки қилган хизматлари учун миннат эшитмадик. Фурсатдан фойдаланиб, оқ халатли саломатлик посбонларига кўпчилик беморлар номидан миннатдорлик изҳор қиламан. Дори-дармонлар ва кунига уч-тўрт марта гўштли иссиқ овқат бир марта фойдаланиладиган идишларда бериб турилди. Таомлар орасида ҳар турли витаминлар, тухум ва мева-чевалар билан ҳам сийлаб туришди. Шу давр ичида бирор киши бир тийин ҳам тама қилмади. Энг муҳими, шифохонада одамлар табақага ажратилмай, ҳаммага бирдек хизмат кўрсатилаётганига гувоҳ бўлдик.

Ана шунда киши мамлакатимизда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун эканлиги ҳақидаги шиорлар шунчаки қуруқ гап эмаслигини тўла ҳис қилади. Аввало, ўтиш даврлари қийинчиликларига қарамасдан, шунча кўп беморни сиғдирадиган иншоотлар барпо этилгани, яна институт ва коллежларда минг-минглаб тиббиёт мутахассисларининг тарбиялаб етиштирилгани худди келажакни олдиндан кўриб қилинган ишларга ўхшаб туюлади. Ахир, бугунги кунларда дунёнинг мана ман деган қудратли давлатлари ҳам ковид беморларига даволаниш учун жой топиб беролмаётганлиги, оқибатда ўлимлар сони кўпайиб, марҳумларни кўмишга улгуролмай, крематорийларда куйдириб юборилаётганлиги ҳақидаги хабарларни эшитиб кишининг юраги жунжикади. Мен шифохонада ётганим ўн кун давомида касалларга жой бўлмай қолган кунни кўрмадим. Даволаш марказида ҳамиша етарли бўш ўринлар бўлиб турди. Яна ўша кунларда Ургут тиббиёт коллежида ҳам беш юз беморга мўлжалланган даволаш маркази ташкил этилганини эшитиб кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Мен касалхонада шу нарсага гувоҳ бўлдимки, шифокорларга ўз вақтида мурожаат қилган беморларнинг деярли барчалари шифо топиб кетишди.

Ана шундай кунларда киши мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг инсон давлат учун эмас, давлат инсон учун хизмат қилиши лозим деган гаплари кунба-кун ҳаётга изчил татбиқ этилаётганига чуқур ишонч ҳосил қилади ва юртимизда одам қадри тобора ортиб бораётганига шукроналик туяди.

Бугунги кунда бутун дунёда кенг тарқалган бу касаллик ҳақида билганларимиз ҳали жуда оз. У табиий ёки сунъий йўл билан пайдо бўлдими, унга қанақа дори даво эканлиги ҳанузгача номаълум бўлиб қолаётир. Бироқ шунга қарамасдан, фидойи шифокорларимиз бор имкониятларини ишга солиб, касалликка қарши курашмоқдалар. Минг афсуски, вирус юқтириб олган врачлар, ҳамширалар ва санитарлар орасида ҳам қурбонлар бор. Биз бугун уларнинг порлоқ хотиралари олдида бош эгамиз.

Худойберди КОМИЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.