Пулицер мукофотини олган драматик сурат тарихи
Пулицер мукофотига сазовор бўлган фотосуратлар ҳақида гап кетар экан, ушбу машҳур фотосуратни эсламасликнинг иложи йўқ. У нафақат ўзининг юракни ўртовчи драматизми, балки яратилиш тарихи ва кейинчалик фотограф тақдири билан ҳам машҳурдир.
Фотосуратчи Кевин Картер Жанубий Суданда содир бўлган даҳшатли очарчилик пайтида қизалоқ ва унга яқинлашаётган қузғуннинг суратини олди.
Ҳолдан тойган бола инсонпарварлик ёрдами олиш учун самолётга бораётган ота-онаси ортидан кетаётиб, чарчаганидан қовжираган ўт-ўланларга юзтубан йиқилади. Буни пайқаган қузғун болага яқинлаша бошлайди…
Кевин эса қуш болага яқинлашишини кутади. Фотосуратчи 20 дақиқадан кўпроқ вақт давомида мос ракурсни пойлайди. Ниҳоят, хоҳлаган натижага эришгандан сўнг қузғунни қувиб, жўнаб кетади.
Сурат Картерга Пулицер мукофоти, шон-шараф ва... нафрат келтирди. Чунки кейинчалик тақдирланиш чоғида ундан бола тақдири ҳақда сўрашганида у жавоб беролмайди. Дунё бўйлаб миллионлаб одамлар Кевиннинг бу қилмишидан ғазабланади.
1994 йил июль ойида, Пулицер мукофотини олганидан бир неча ой ўтгач, Кевин Картер Йоханнесбургда ўз жонига қасд қилди. У қолдирган хатда оч-яланғоч болалар хотиралари уни таъқиб қилгани ёзилган эди.