Путин ва Зеленский музокаралар учун Аризонага таклиф қилинди. Бу биринчиси эмас, яна кимлар уларни мулоқотга ундаган?
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Пол Гозар Россия президенти Владимир Путин ва Украина президенти Владимир Зеленскийни Аризонага тинчлик музокаралари ўтказишга таклиф қилди. Тегишли хат Россия ва Украинанинг Вашингтондаги элчихоналарига юборилган, деб ёзади у Twitterда.
Гозар ўз мурожаатида икки давлат етакчиларини Аризона пойтахти Феникс шаҳрига таклиф қилди. У Аризонада сиёсатчилар “ядровий тарангликни юмшатиш, урушни тўхтатиш, қон тўкилиш ва вайронагарчиликка барҳам бериш учун мулоқотни бошлаши” мумкинлигига умид қилмоқда.
«Мен дипломат эмасман. Мен шунчаки Конгресс аъзосиман, лекин мамлакатларингизда ўлим ва ҳалокатни етарлича кўрганман. Буни қабул қилиб бўлмайди. Мен тинч йўл билан ҳал қилишга уринишлар йўқлигидан то ўзим ҳаракат қилиш зарурати туйғусигача йўлни босиб ўтдим», Пол Гозар.
Бошқа давлатлар ҳам музокаралар таклиф этган
Россия ва Украина ўртасида музокаралар ўтказиш таклифлари аввал ҳам билдирилган эди. Шу тариқа, Рим папаси Франциск Путин ва Зеленский ўртасидаги музокараларни Ватиканда ўтказишни таклиф қилган. Френсис нафақат Ватиканнинг ўзи, балки Римдаги кўплаб биноларни етакчилар учрашуви учун тайёрлаган.
Германиянинг Штральзунд шаҳри аҳолиси ҳам музокараларни ташкил этишда ёрдам беришни исташди. Учрашув учун жой сифатида улар маҳаллий шаҳар ҳокимиятини таклиф қилишган. Фуқаролар шаҳарнинг "тинчлик яратиш соҳасида буюк тарих"га эга эканлигини айтиб, 1370 йилдаги Штральзунд шартномаси ва 1984 йилда Швеция Бош вазири Олоф Палменинг ташрифини эслатишди.
Бундан ташқари, Туркия ва БАА музокараларда воситачи бўлиш истагини билдирган. Шу тариқа Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Россия президентини Украина билан музокаралар ўтказиш учун имконият беришга чақирди ва Анқара бу жараёнда воситачи ролини ўйнашга тайёрлигини билдирди. БАА президенти Муҳаммад бин Зоид Ал-Наҳаян ҳам зарур бўлса, мамлакат Москва ва Киев ўртасидаги тинчлик музокараларида воситачилик қилишга тайёрлигини билдирган эди.
Россия Украина билан музокараларга тайёр
27 октябрь куни “Валдай” халқаро мунозара клубининг ялпи мажлисида Владимир Путин Россия Украина билан музокараларга тайёр эканини айтди. Бироқ у Киев Москва билан мулоқотдан бош тортаётганини эслатди. "Гап бизда эмас", деб таъкидлади Россия раҳбари.
30 сентябрь куни Зеленский Киев Москва билан музокараларга тайёрлигини айтди. Бироқ, мулоқот Россия президенти алмашсагина амалга оширилишини таъкидлади.
Россия ва Украина делегациялари ўртасида юзма-юз форматдаги сўнгги музокаралар март ойида Истанбулдаги Долмабахче саройида бўлган эди. Песков учрашув якунларини шарҳлар экан, Москва музокараларда “арзигулик ютуқ” борлигини даъво қила олмаслигини айтган эди.