Қачонгача ўзимизни алдаймиз?

Мактабда ишлайдиган таниш бир ўқитувчи қўнғироқ қилиб, “Телеграмингизга она тили ва адабиёт фанидан имтиҳон саволларини ташладим, жавобларни топишда ёрдам беринг”, деди. Тўғриси, дарсликда бирор нарсага тушунмаган бўлса керак деб ўйладим. Қарасам, “мобил методик гуруҳи она тили ва адабиёт фани йўналиши учун назорат саволлари” варианти экан.

Жорий йилда олий таълим муассасалари ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари мутахассис ва тоифаси паст ўқитувчиларнинг билим кўникмасини ошириш ҳамда янгича ўқитиш услубларини тушунтириш бўйича “мобил методик гуруҳлар” фаолияти йўлга қўйилди. Шу асосда мобил гуруҳга жалб қилинган профeссор-ўқитувчилар томонидан ўқув курсларида мактаб ўқитувчиларига фанлар бўйича тасдиқланган режа ва соатга мувофиқ машғулотлар ўтилмоқда ва курсни тугатган ўқитувчилардан имтиҳон олиняпти.

Энди суҳбатга қайтсак.

 - Кечирасиз, имтиҳонда бўлсангиз, қандай қилиб телефондан фойдаланяпсиз? – сўрадим ўқитувчидан.

- Э, ука, шу ҳам муаммоми, “районо”дагиларнинг ҳаммаси ўзимиздан, “гаплашдик”.

- Танишингиз борми?

- “Соққа” бўлса, таниш кўп, саволларнинг жавобини биласизми?

Очиғи, ўқитувчи билан гаплашгим ҳам келмади ва саволлар қийинлигини баҳона қилиб, телефонни ўчирдим.

Кейинги пайтда ўқитувчилар малакасини ошириш, аттестация ва малака тоифасини олиш ҳақида гап кетса, масъуллар жараён шаффоф ўтяпти, деб бонг уради. Педагоглар эса мутлақо бунинг аксини гапиради.

Таҳририятимизга амалиётга келган талаба ҳам шунга ўхшаган ҳолатни айтиб қолди. Талабанинг айтишича, бир ўқитувчи ундан ўрнига имтиҳонга кириб, тоифа учун тест ечиб беришини сўраган ва бунинг учун яхшигина пул ҳам таклиф қилган.

Бундан кўринадики, айрим ўқитувчилар ҳалигача пул бериб, ўрнига кимнидир киритиб ёки бошқа йўллар билан имтиҳондан ўтяпти. Тизимдаги раҳбарлар эса буни тан олгиси келмайди. Ахир қачонгача ўзимизни алдаймиз? Бу қинғирликларни ўқитувчиларнинг ўзидан эшитиш янаям ачинарли. Улар бу саводи билан ўқувчиларга қандай ўрнак бўлади, нимани ўргатади-ю, ўқувчилар улардан нимани ўрганади?

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.