Қадринг баланд бўлсин, она тилим!

Самарқанд давлат чет тиллар институтида шундай номланган маънавий тадбир бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Ёзувчилар ҳамда Журналистлар уюшмалари аъзоси, шоир ва журналист Фармон Тошев қатнашиб, она тилимизнинг тарихи ва унинг ривожланишига оид фикрларини билдирди.

Хусусан, тил бу бирдан пайдо бўладиган жараён эмаслиги, буюк боболаримиз бу хусусда кўплаб заҳмат чекканлари натижасида пайдо бўлганлиги, мамлакатимизда 1989 йилда бунга тўла эҳтиёж сезилгани учун давлат мақоми берилишининг ўзи тарихий воқеа бўлгани таъкидланди.

Ф.Тошев талабаларга она тилимизга оид саволлар берди ва фаол иштирокчиларни китоб билан сийлади.

Вилоят мусиқали драма театри актёрлари Фарид Расулов, Озод Қурбонов ҳамда бадиий раҳбар Алижон Ҳасановларнинг чиқиши чинакамига тадбирга янада файз бағишлади. Улар ўз чиқишида тарихий сиймоларни тил хусусидаги гапларини образга кириб талқин қилди. Айни кунларда саҳналаштирилаётган Баҳодир Ялангтўш ҳақидаги тарихий асардан парча ҳам намойиш этилди. Талабалар томонидан ҳам тайёрланган саҳна кўринишлари кўрсатилди, Навоий ғазаллари ижро этилди.

-  Албатта бу каби тадбирлар, айниқса, ижодкор билан бўлган учрашувларда талабалар билими ошиши баробарида уларнинг интелектуал салоҳияти ҳам ошади, - дейди институт ректори Илҳом Тўхтасинов. – Қолаверса, бугунгидек очиқ, самимий руҳда ўтган тадбирда талабалар янада завқланади. Бизнинг мақсадимиз ҳам айнан шу.

Ҳусан Элтоев.