Қаерда, қандай ўзгариш бўлади?

Шу кунларда шаҳар ва туман ҳокимларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига мурожаати бўйича сессиялар бўлиб ўтмоқда. Унда 2021 йилда амалга оширилган ва эришилган ижтимоий-иқтисодий натижалар ҳамда 2022 йил учун истиқболли режалар ҳақида сўз бормоқда.

***

Каттақўрғон шаҳрида 566 миллион сўм сарфланаётган марказлашган туманлараро юрак қон-томир касалликларини эрта аниқлаш учун диагностика маркази 2022 йилда фаолият бошлайди.

Г.Алимованинг қайд этишича, келгусида умумий узунлиги 220 километр оптик толали алоқа кабели қуриш орқали шаҳар интернет хизмати билан 100 фоиз қамраб олинади. 2022-2024 йилларда хизматлар соҳасини янада ривожлантириш борасида Концепция ишлаб чиқилган. Шу асосда хизматлар хажми 2022 йилда 150 фоизга оширилиб, 684,0 млрд. сўмга етказилади.

***

Пахтачи тумани 2019 йилнинг якуний рейтингида қизил ҳудуд, 2020 йил якуни билан эса яшил ҳудудга киритилди. Жорий йилнинг 9 ойлик рейтинг кўрсаткичларига кўра, вилоятда биринчи ўринни эгаллади.

Туман ҳокими М.Ҳамдамовнинг билдиришича, биргина экспорт ҳажми 2020 йил 5410,0 минг долларини ташкил этиб, 2021 йилда бу кўрсаткич 3 бараварга ошиб, 15 000,0 минг долларни ташкил этган. Иқтисодий кўрсаткичларнинг ошиши ўз навбатида ижтимоий масалалардаги қатор муаммоларни ҳал қилишда муҳим омил бўлмоқда.

Шу боис, туманда 2022 йилда аҳоли яшаш турмуш тарзини яхшилаш, иқтисодий кўрсаткичларни янада юқорига олиб чиқиш учун зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган. Хусусан, 2022 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида 511,8 млрд. сўмлик 43 та инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган.

***

Самарқанд тумани ҳокими Н.Мавлонов мурожаатда тумандаги автомобиль йўллари 2026 йилга қадар 100 фоиз таъмирланишини қайд этди.

Хусусан, йўл таъмирлаш даражасини 2022 йил якунига қадар 67 фоизга етказиш, яъни 84,4 километрлик умумий қиймати 26,3 миллиард сўмни ташкил этган автомобиль йўлларини таъмирлаш, 2026 йил якунига қадар эса 100 фоиз, 138,1 миллиард сўмлик 393,4 километр автомобиль йўлларини қайта таъмирлаш ва 3 та кўприк қуриш режалаштирилган.

Шунингдек, 970 миллион сўмни ташкил этган 1 та объектда 3,5 километр суғориш тармоғи реконструкция қилиниши натижасида 93,5 фоиз аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

***

Паст Дарғом туманида жорий йилнинг 9 ойи давомида туман маҳаллий бюджетида 9,6 млрд. сўм қўшимча манба шаклланган. Хусусан, умумтаълим мактабларини жорий таъмирлаш ва моддий техник базасини мустаҳкамлаш учун 416 миллион, ички йўлларга шағал ётқизиш ҳамда ободонлаштиришга 334 миллион, кам таъминланган сурункали касаллиги бўлган, айниқса туғма юрак пароги билан касалланган 10 нафар фуқарони даволатиш ҳамда 60 дона ногиронлик аравачаси сотиб олиш учун 199,7 миллион сўм маблағ ажратилган.

Туман ҳокими Ш.Худойбердиевнинг таъкидлашича, 2022 йилда уй-жойга муҳтож 480 нафар хотин-қизларга имтиёзли шартлар асосида уй-жой ажратиш, шунингдек, аёлларга турар жойларни ижтимоий ижарага бериш режалаштирилмоқда.

***

Жомбой тумани ҳокими Қ.Собировнинг мурожаатига кўра, туманда пахта ва ғалладан қисқарадиган ерларни аҳолига 10 йил муддатга бўлиб бериш борасида аниқ режа ишлаб чиқилган. Жумладан, жорий йилда 17 635 нафар фуқарога бўлиб берилган ерлардан 24 миллиард 200 миллион сўм даромад олинган.

Туманда келгуси йилда уй-жойлар қурилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Мисол учун, “Зарафшон” маҳалласи ҳудудида 35 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон” массиви барпо этилади. Узуновул массивида 160 хонадонли 8 та арзон кўп қаватли уй-жойлар қурилади. “Шодлик” ва Алишер Навоий номли маҳаллаларда 19 та 5 қаватли уй-жой барпо этилиб, 1970 йилларда қурилган хонадон эгалари замонавий турар жой билан таъминланади.

***

Ургут туманида таълим сифатини ошириш учун мактабгача таълимга алоҳида эътибор қаратилади. Бунинг учун 2022 йилда инвестиция ва “Обод қишлоқ” дастурлари асосида 4 та, давлат мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 6 та давлат хусусий-шериклик, 2 та хусусий, 90 та оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Туман ҳокими Б.Жабборовнинг билдиришича, 0,9 коэффецентдан паст бўлган 7 та мактаб ҳудудидан хусусий сектор ҳисобига янги мактаб ташкил этиш, 6340 нафар битирувчининг камида 35-40 фоизини олий таълим муассасаларига қамраб олиш режалаштирилган.

Шунингдек, 2022-2023 ўқув йилида туманда СамДУ филиалини ишга тушириш чоралари кўрилмоқда.