«Қамчиқ» довонида юк машинаси ағдарилиб кетди

Шу йилнинг 16 февраль куни «Қамчиқ» довонида ҳаракатланган «МАН» русумли юк машинаси бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишига ўтиб ағдарилиб кетган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг хабар беришича, ЙТҲ оқибатида ҳайдовчининг ўнг оёқ қисми қисилиб қолган. Ҳодиса юзасидан навбатчилар бошчилигидаги қутқарув гуруҳи зудлик билан воқеа жойига етиб борган ва жароҳатланган фуқарони чиқариб олишган. Қутқарувчилар томонидан биринчи тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилиб, «Резак» тез тиббий ёрдам ходимлари орқали Поп тумани марказий шифохонасига олиб борилган. Ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчининг ҳаёти сақлаб қолинди, дейилади ФВВ хабарида.

Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатини бартараф этиш ва хавфсиз ҳаракатни таъминлаш мақсадида «Қамчиқ» довонидаги фавқулодда вазиятлар давлат тизими фуқаро муҳофазаси хизматларидан 18 нафар ходим, 5 та махсус техника жалб этилди.