Қатағон қурбонлари: Абдусатторов қандай жиноят қилган эди?
1937 йилдан бутун совет иттифоқи бўйлаб кўтарилган “катта қирғин”нинг қора кўланкаси 1938 йилда Пайариққа ҳам етиб келди. Кечагина одамлар ўртасида яхшигина ҳурмат қозонган район ва хўжаликлар раҳбарларининг деярли барчаси бирин-кетин “халқ душмани”га айланиб, ҳибсга олина бошланди.
Булар Пайариқ район партия қўмитасини 1937 йилдан буён бошқараётган Бобоназар Файзиев, райкомнинг иккинчи котиби Григорий Осипов, район ижроия қўмитасининг раиси Абдуғани Тоштемиров, район партия қўмитасининг мафкуравий ишлар бўйича котиби Боли Нурматов, район ер бўлимининг бошлиғи Тошпўлат Аҳмедов, халқ маорифи бўлими мудири Мирсаид Ҳамидов, молия бўлими мудири Синдор Ашуров, райондаги Сталин номли колхоз раиси Давир Исломов, “Саноат” қишлоқ кенгаши раиси Нурмон Тонготаров ва бошқалар. Район прокурори вазифасини бажарувчи Муҳаммадқули Абдусатторов ҳам шулар қаторида эди. Уларнинг барчаси районда аксилинқилобий-миллатчилик гуруҳи тузганликда ва аъзолиги бўйича айблангандилар.
НКВДнинг Пайариқ район бўлими бошлиғи, давлат хавфсизлиги лейтенанти Валиев имзолаган айблов хулосасидан: “Абдусатторов Муҳаммадқули 1901 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. Миллати ўзбек, СССР фуқароси. Хизматчи, ҳибсга олиниш пайтида Пайариқ райони прокурори вазифасини вақтинча бажарувчи. Ўзбекистон компартияси сафидан чиқарилган. Маълумотли. Илгари судланмаган. У 1937 йилдан буён Ўзбекистондаги аксилинқилобий-миллатчилик ташкилоти аъзоси. Прокуратура органларида зараркунандалик ишларини олиб борган. Жиноятчилар ва қулоқларни ўз ҳимоясига олган ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам бузғунчилик ишлари билан шуғулланиб, аҳоли ўртасида советларга қарши тарғибот қилган. ЎзССР Жиноят кодексининг 58- ва 67-моддалари билан жавобгарликка тортилади”.
Район прокурори, яъни Пайариқда қонунчилик ҳимоясида турган, унга мунтазам риоя этилишини таъминловчи шахснинг ўзи қандай қилиб “аксилинқилобий-миллатчилар гуруҳи”га аъзоликда айбланди? Бу вазифада бир йил ҳам ишламай нега унинг устидан устма-уст шикоятлар ёзилади, текширувлардан боши чиқмай қолади?
Келинг, унинг таржимаи ҳолига назар ташлайлик.
Вояга етгач, 1918-1923 йилларда турли жойларда ғишт терувчи уста бўлиб ишлаган. 1924-1925 йилларда савдо корхоналарида, 1925 йилда Самарқанд шаҳридаги район партия комитетларидан бирида сиёсий маориф уйи мудири, 1926 йилда Самарқанд шаҳар партия комитетида, 1927 йилда Самарқанддаги ипакчилик фабрикасида партия ташкилотчиси, 1929-1930 йилларда ипакчилик фабрикасида ишчи, 1930-1932 йилларда Чироқчи район партия комитети ходими, 1932-1935 йилларда Пайариқ тумани пиллачилик идораси директори ўринбосари, 1935-1937 йилларда Пайариқ туманида пиллачилик вакили, 1937 йилда туман театр ва клублар директори ҳамда Пайариқ тумани прокурори ёрдамчиси вазифаларида хизмат қилди. Бу орада уйланиб, икки фарзандли бўлди.
“Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитети совет савдо бўлими бошлиғи ўртоқ Каримжоновга.
Нусхаси Республика прокурори, ўртоқ Шейндленга.
Тошкент шаҳри
- Ўзб КП(б) Пайариқ район партия комитети бюросининг 1937 йил 29 октябрдаги 21-сон қарори билан Абдусатторов Маматқул ўриндошлик асосида Пайариқ тумани прокурорининг ёрдамчиси лавозимига тавсия этилган...
- Ўртоқ Абдусатторов туман прокурорлигига тавсия этилгач, уни туман театр-кино ва клублар иши бўйича 2000 сўмдан ортиқ маблағни ўзлаштирганликда айблаб, хат келиб тушган.
Абдусатторовга нисбатан келиб тушган бу материаллар текширилганда ўз тасдиғини топмади.
Ўртоқ Абдусатторов Маматқулни Пайариқ тумани прокурори этиб тайинлаш туғрисидаги 29/Х-37 йилги 21-баённомада келтирилган қароримизни тасдиқлашингизни сўрайман
Ўз. КП(б) Пайариқ район комитетининг
котиби Файзиев”
“Буйруқ
Ўзбекистон ССР прокуратураси
Тошкент 29/XI-37-й.
- Ўзб. КП(б) Пайариқ район комитети томонидан тавсия этилган ўртоқ Абдусатторов ушбу туман прокурори этиб ТАЙИНЛАНСИН.
Ўзбекистон ССР прокурори Шейндлен”.
Шуниси қизиқки, М.Абдусатторов район прокурори вазифасини бажаришга киришганига бир ой ўтар-ўтмас унинг устидан республика раҳбар органларига шикоятлар ёғила бошлади. Энди унинг райондаги “Ўзбек труппаси” кино ва клубларга раҳбарлиги даврида илгари ёзганларидек 2000 сўм эмас, балки 3930 сўм ўзлаштирганлиги, 1937 йил 12 декабрда Ўзбекистон ССР Олий Советига сайловлар куни “Билим” колхозида вакил бўла туриб, колхозчилар ўртасида аксилинқилобий тарғибот олиб борганлиги айтилган эди. Шунингдек, милиция органлари томонидан чорва молини ўғирлашда гумон қилиниб, ҳибсга олинган қулоқ Қаршиевга нисбатан очилган жиноий ишни тўхтатганлиги ҳам таъкидланганди. Шулардан келиб чиқиб, республика прокурори Шейндлен ҳали бу айбловлар текширилмасдан, уни ишдан четлаштириш ҳақида 1938 йил 5 январда буйруқ чиқаради.
Кейин ўтказилган суриштирувларда унинг устидан ёзилган хатда келтирилган айбловлар тасдиғини топмайди. Шундан сўнг Республика прокурори янги буйруқ чиқаришга мажбур бўлади.
“Ўзб.ССР Прокуратураси бўйича 387-сонли
БУЙРУҚ
25 март 1938 йил
Менинг 1938 йил 5 январдаги фармойишим бекор қилинганлиги сабабли Абдусатторов Пайариқ райони прокурори вазифасини бажарувчи этиб, шу йилнинг 15 мартидан қайта тиклансин
Ўзбекистон ССР прокурори Шейндлен”.
Лекин район прокурори вазифасида оз муддат ишлаган М.Абдусатторовнинг бошида яна қора қуюнлар айлана бошлади. Энди уни “фош этиш”га НКВДнинг район бўлими бошлиғи Валиев ва вилоят прокурори Назаренко киришади. Абдусатторов биринчи марта апрель ойининг охирида НКВДда сўроқ қилинади. Аммо бу сўроқ ҳеч қандай натижани бермайди. Шундан кейин улар прокурорнинг устидан 1937 йил декабрь ойида ёзилган шикоятларни қайтадан кўтаришади.
Вилоят прокурори Назаренконинг Республика прокурори Кухаренкога 1938 йил май ойи охирларида ёзган мактубидан парча:
“Вазифасидан четлатилган Пайариқ район прокурори Абдусатторов иши бўйича текширув ўтказиш учун вилоят прокуратурасининг катта терговчиси, ўртоқ Ҳусаинов хизмат сафарига юборилди. Текширув давомида шу нарса аниқландики, Абдусатторовнинг партиядан чиқарилиши ва ишдан бўшатилиши мутлақо тўғри бўлган.
Тергов жараёнида Абдусатторов ҳибсга олингунига қадар Икромов ва Хўжаевларнинг буржуа-миллатчилик тўдасида бўлганлигини... Райком котиблари Файзиев, Осиповнинг аксилинқилобий топшириқларини бажарганлигини... Собиқ қулоқлар, босмачилар ва бошқа ижтимоий ёт унсурлардан қуролли қўзғолон кўтариш учун кадрлар тайёрлаганлигини тан олган.
...Абдусатторов мунтазам равишда қулоқлар ва жиноятчилар билан биргаликда спиртли ичимликлар истеъмол қилган. Прокуратурани обрўсизлантириб, аксилинқилобий тарғибот қилишдан бошқа ҳеч нарса билан шуғулланмаган...
...У Жиноят кодексининг 66-моддаси 1-қисми, 67 ва 140-модданинг 1-қисми қўлланилиб, жиноий жавобгарликка тортилган. Собиқ район котиби Файзиев ва бошқаларнинг иши билан бирлаштириш учун унга оид материаллар Пайариқ район НКВДсига топширилган Абдусатторов ана шу аксилинқилобий гуруҳ фаолиятида иштирок этган”.
Орадан кўп ўтмай ЎзССР прокурори вазифасини бажарувчи Гунятскийнинг буйруғи чиқади.
“Ўзбекистон ССР прокуратураси бўйича
561-Буйруқ
1938 йил 5 июнь.
...Пайариқ тумани прокурори вазифасини бажарувчи Абдусатторов Муҳаммадқули прокуратура органларида ишини давом эттиришининг иложи йўқлигини инобатга олиб, лавозимидан озод этилсин...”.
Музаффар МУҚИМОВ,
СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори.