Қатағон қурбонлари: Туҳмат гирдобида азоб чеккан Абдуллаев ким эди?
Аннақули Абдуллаев 1895 йилда Самарқанд шаҳридаги Қаландархона маҳалласида туғилган. 1917 йил октябрь тўнтаришига қадар масжид қошидаги бошланғич мактабда, икки йил мадрасада таҳсил олган. Отаси уни рус тилини ўрганишга даъват қилгач, 3 йил рус-тузем мактабида ўқиган.
1918 йилдан эътиборан шаҳарнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок эта бошлайди. Самарқанддаги милиция мактабини битиргач, шу соҳада хизмат қилади. Шаҳарнинг бир нечта участкаларида катта милиционер бўлиб ишлайди. Бу борада унинг саводи ва рус тилини билиши қўл келади. Шу сабабли уни прокуратура органларига ишга жалб этади. 1924 йилда Самарқанд район прокурорининг ёрдамчиси вазифасига тайинланади.
Иш давомида тергов жараёнларини холис олиб боришга интилади. Турли тоифадаги аҳолини, ҳунармандларни, қулоқ деб эълон қилинган шахсларни ноўрин тазйиқлардан асрашга интилади. Бундай ҳолларни унинг устидан ёзилган, туҳматлардан иборат хатлардан ҳам билса бўлади.
Ана шундай туҳматлар туфайли 1925-1926 йилларда ЎзССР Олий Суди жиноий ишлар коллегияси унинг устидан жиноий иш қўзғаб, икки марта судга тортади. Бир неча ой давом этган бундай текширувлар, судловлар натижасида барчаси унинг устидан уюштирилган туҳмат эканлиги маълум бўлади ва бутунлай оқланиб, ўз ишига қайта тикланади.
1927 йил январь ойида ЎзССР Адлия халқ комиссарлигига унинг устидан яна шикоят хати тушади. Шикоят муаллифлари Самарқанднинг Қаландархона маҳалласилик Мирюсуф Мирёқубов ва Махдуми Хоразмий маҳалласидан бўлган Мирзо Нодиров эдилар. Шуниси қизиқки, илгари ёзилган ва Аннақул Абдуллаев устидан ЎзССР Олий судида жиноий иш қўзғатилишига сабаб бўлган иккита шикоят муаллифи ҳам айнан шу кишилар эди. Лекин негадир бу ҳол Адлия халқ комиссарлигидагиларни ҳам, Олий суддагиларни ҳам ажаблантирмади. Аксинча, дарҳол шикоятни текшириш ва Абдуллаевга нисбатан чора кўриш, жиноий жавобгарликка тортиш Адлия халқ комиссарлигининг муҳим ишлари бўйича терговчиси Букинга топширилади. У зудлик билан ишга киришади.
Шикоят хатида нималар кўрсатилган эди?
1) Аннақул Абдуллаев хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб, бировларнинг уйини тортиб олган.
2) Оғир жиноятларда айбланган Қурбон Мавлоновни, аёлларни ўғирлаш, зўрлашда, босқинчиликда, қотилликда айбланган Мурод Очиловни аввал қамоққа олиб, кейин пора эвазига қўйиб юборганликда (гўёки Мурод Очиловнинг онаси Аннақул Абдуллаевнинг ишхонасига (7 червонетс) 700 сўм олиб келиб берган эмиш).
Бу шикоятлар билан чекланмай, ҳибсхонада ётган Ржевский, ургутлик танишлари Мирза Қобилов, Самарқанднинг Қози Ғаффор маҳалласидан Носир Пўлатовни ҳам ишга солиб, шикоят ёздирадилар. Ржевскийнинг ёзишича, гўёки А.Абдуллаев ҳибсхонага келиб, у ерда сақланаётганларни калтаклатган ва ҳоказо.
Адлия ҳалқ комиссарининг терговчиси Букин ишга киришади. У шикоятларни ва гувоҳларни бирма-бир сўроқ қилар экан, А.Абдуллаевнинг устидан очилган жиноят иши худди гугурт қутисидан ясалган уйдек, бир чертса, қулаб тушишига ишонч ҳосил қилади. Масалан, жиноятчилар Қурбон Мавлонов ва Мурод Очилов нафақат ҳибсдан озод этилган, балки ҳар бири 10 йилдан қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Мурод Очиловнинг онасидан «Аннақул Абдуллаевга 700 сўм олиб келиб берганмисиз», деган саволга у аёл «чўнтагимда беш сўм ҳам пулим йўқ, бунча маблағни қаердан оламан?», деб жавоб берган. «Нега бўлмаса, прокуратура ходими устидан шикоят ёздингиз», деган саволга «Ургутдаги ҳамсоямиз Мирза Қобилов бир хатни олиб келиб, шунга бармоқ босиб берсангиз ўғлингиз тезда қамоқдан чиқади, деб бармоқ бостирувди», дея жавоб қайтаради. Ржевскийнинг шикояти ҳам худди шу йўсинда ўз тасдиғини топмайди...
Воқеа бундай бўлган эди. Кунларнинг бирида Самарқанд ароқ заводининг 5-6 нафар ишчиси меҳнат вақти тугагандан сўнг яқин-атрофдаги ошхонага кириб, ичкиликбозлик қилишади. Бир-бирини танимайдиган даражага келгач, ўрталарида жанжал чиқиб, муштлаша бошлайдилар. Етиб келган милиция ходимлари уларни вақтинчалик ҳибсхонага олиб бориб, бир камерага қамаб қўйишган. Лекин улар камерада ҳам бир-бирлари билан муштлашиб кетишади. Уларни тинчлантириш учун кирган 2 нафар милиция ходимларига ҳам ташланиб, урмоқчи бўлишади. Шунда бошқа милиция ходимлари ёрдамга келиб, куч ишлатиб, бу маст одамлар тўдасини тинчлантиради.
Район прокурори ёрдамчиси Аннақул Абдуллаев бу воқеалар содир бўлган пайтда шу ерда эдими, деган саволга ҳибсхонани бевосита қўриқлаган икки милиционер, «Йўқ», деб жавоб беришади. Чунки уни бориб кинотеатрда кино кўриб ўтирган жойидан чақириб келишади. Бу пайтда ҳалиги маст кишилар анча тинчланиб қолишган эди. Милиционернинг айтишича, А.Абдуллаев уларга бу одамларни бир-биридан ажратиб, бошқа-бошқа камераларга жойлаштиришни ва эртага маъмурий жаримага тортиб, қўйиб юборишларини тайинлаб чиқиб кетган.
Назаримизда, тергов жараёнида бу ҳолатларнинг гувоҳи бўлган Букин ўзини четга олиш чорасини кўрганга ўхшайди. Шундан сўнг Адлия халқ комиссари ўринбосари буйруғи билан ушбу ишни давом эттириш учун муҳим ишлар бўйича терговчи Гинсбург тайинланади.
Гинсбургнинг Абдуллаевни сўроқ қилиш жараёнида нега Мирюсуф Мирёқубов ва Мирза Нодировларнинг унинг устидан ҳар хил туҳматлардан иборат шикоятлар ёзиш сабаблари бир қадар ойдинлашади.
Терговчи Гинсбургнинг саволига А.Абдуллаевнинг жавобларидан: “Мирюсуф Мирёқубов масаласига келсак, биз у билан бир маҳалладан – Қаландархонаданмиз. 1923 йилда маҳалла оқсоқоли - раиси сайлови пайтида одамлар ўша пайтда ушбу вазифада ишлаган Мирюсуф Мирёқубовнинг қўли эгри, фақат ўз манфаатини кўзлашини билиб, унинг ўрнига мени сайлашди. Бу унинг менга нисбатан ғайирлигини қўзғади. 1924 йил Самарқанд район прокурори ёрдамчиси этиб тайинланганидан сўнг бу ишни халқ сайлаган бошқа кишига топширдим. 1925 йилда менга тураржой шароитимни инобатга олиб, шаҳар коммунал хўжалигига тегишли ҳонадонлардан бирини беришди. Кейин билсам, бу хонадон катта ҳовлиси бўлишига қарамай, Мирёқубов томонидан эгаллаб олинган экан. Коммунал хўжалик маъмурияти буни билиб қолиб, ундан уйни бўшатишини талаб қилган. Орадан бир ой ўтиб, айнан шу хонадон менга ажратилади. «Аннақул Абдуллаев хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб бировларнинг уйини тортиб олган», деганида у худди шу ҳолни назарда тутяпти”.
Бундан ташқари, «маҳалла аҳли уларнинг хонадонига солиқчилар келганида бир нарсани билиб қолишади. Улар маҳалла оқсоқолига тўплаб берган 9 минг сўмлик солиқ пули банкка топширилмай, М.Мирёқубов томонидан ўзлаштириб юборилган экан. Бу воқеани эшитиб мен унинг олдига бордим ва агар қамалиб кетишни истамаса, зудлик билан ҳалқдан олинган пулни жойига қўйиши лозимлигини айтдим ва бу ишни қилдирдим ҳам. Мана шуларнинг ҳаммаси жамланиб, унинг менга нисбатан ғаразини рўйи-рост юзага чиқарди».
Шу ерда бир масала ҳақида тўхталиш лозим. Аннақул Абдуллаев бошига шунча туҳмат тошлари ёғилади-ю наҳотки, унинг тарафини оладиган бирор-бир киши топилмаган бўлса? Йўқ, топилган. Улар ёш ва ҳақгўй прокуратура ходимини қўллаб-қувватлашган. Булар, Ўзбекистон Компартияси (б) Самарқанд округ комитетининг котиби Раҳимий ва округ ижроия комитетининг раиси Ширинов эди. Улар республика Адлия халқ комиссарлигига мурожаат қилиб, бу ишни холисона ҳал қилишни сўрайди. Икки ярим йилдан буён гоҳ ҳибсга олиниб, гоҳ қўйиб юборилиб давом этаётган сўроқлар А.Абдуллаевни ҳолдан тойдирганди.
Қуйида терговчи Гинсбургнинг Самарқанд округ партия комитетининг котиби юборган сўровномага ёзган жавобини келтирамиз: «Партия аъзоси Абдуллаев Аннақулнинг ҳозирги пайтда ишсиз эканлиги ва унинг иши юзасидан тергов чўзилиб кетганлиги сабабли Сизнинг сўровномангизга жавобан шуни маълум қиламанки, тергов тамом бўлгунига қадар у раҳбарлик билан боғлиқ бўлмаган оддий ишларга тайинланиши мумкин».
1929 йил август ойи бошида Гингсбург тергов тугаганини эълон қилди. У Ўзбекистон ССР Олий Судининг Жиноий ишлар коллегиясига ёзган маълумотида А.Абдуллаев устидан олиб борилган тергов давомида унга қўйилган айбларнинг ҳеч қайси ўз исботини топмаганлигини билдиради. Ва ниҳоят, 1929 йил 14 августда ЎзССР Олий Судининг Жиноий ишлар бўйича коллегияси А.Абдуллаевга нисбатан очилган 34-рақамли Жиноий ишни Олий суд аъзоси Торопков раислигида кўриб чиқиб, Жиноят-процессуал кодексининг 4-моддаси 5-бандига асосан, А.Абдуллаев ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли ҳаракатдан тўхтатади.
Шундан кейин Абдуллаевнинг тақдири қандай кечган? Ҳозиргача ҳеч ким буни билмайди. Эҳтимол, ўзи хизмат қилаётган соҳа ходимлари ҳам оғир дамларда яққол кўриниб турган туҳмат балоларидан уни асрашга ҳаракат қилиш ўрнига бошидан мағзава ағдариш пайида бўлишгани туфайли бу ишдан кўнгли қолиб, бошқа юмушнинг бошини тутгандир. Балки яқинлашиб келаётган катта қатағон тўфонини ҳис қилиб, бундай мудҳиш жараёнда иштирок этишни истамагандир... Нима бўлганда ҳам биз унинг номини Самарқанд вилояти прократура органлари ходимлари рўйхатида бошқа учратмаймиз.
Хуршид Мусурмонов,
вилоят прокуратураси бўлим прокурори.
Музаффар Муқимов.