Қирғизистонда собиқ президент Акаевга нисбатан жиноий таъқиб тўхтатилди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаевдан “Қумтор” олтин кони атрофидаги коррупцияга оид айбловлар олиб ташланди, деди кеча, 20 декабрь куни унинг ҳамкори Бекболот Талгарбеков.

"Унга қўйилган барча айбловлар олиб ташланди, сўроқлар якунланди. Акаев кеча Москвага қайтди", — деди Талгарбеков.

"Тергов жараёнида Акаевнинг "Центерра"да ҳеч қандай улуши йўқлиги, "Қумтор"дан фойда олмагани аниқланди. Энди Акаев исталган кун Қирғизистонга учиб кетиши мумкин", - деди у.

14 декабрь куни Акаев Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига сўроқ қилиш учун Бишкекка етиб келган эди.

2005 йилда ҳукумат алмашганидан кейин мамлакатни тарк этган Акаев 2 август куни Бишкекка келган. Республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида “Қумтор” олтин кони иши бўйича сўроқ қилинганидан сўнг у қўйиб юборилди. Орадан бир ҳафта ўтиб Акаев Москвага қайтди.

Аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Акаев бошқа собиқ юқори мартабали амалдорлар қатори 1992 йилда “Қумтор” лойиҳаси бўйича бош келишувни тузиш, 1994 йилда унга ўзгартиришлар киритиш ва 2003 йилда Cameco билан бош келишувни қайта тузишда коррупцияда айблангани ҳақида маълум қилган эди.

Қирғизистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, 1992 йилдан 2019 йилгача бўлган даврда "Кыргызалтын" ОАЖнинг айрим мансабдор шахс ва раҳбарияти Канаданинг Cameco ва Centerra Gold Inc. компанияси, шунингдек, "Кумтор Оперейтинг Компани" ва "Кумтор Голд Компани" ЁАЖ вакиллари билан “ноқонуний ва барқарор муносабатлар ўрнатган” ҳамда “ноқонуний йўл билан моддий ва бошқа манфаатлар мақсадида Қумтор олтин конини ўзлаштириш бўйича Қирғизистон учун ноқулай шартномалар тузган”.

Бу ишда бир қанча собиқ юқори мартабали амалдор ва сиёсатчилар, жумладан Қирғизистоннинг икки собиқ бош вазирлари Темир Сариев ва Жоомарт Оторбоев иштирок этмоқда.