Қирқ йиллик тарбия меваси
Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, шоир Баҳодир Убайдуллоҳ (Раҳмонов)нинг «Қирқ йиллик тарбия» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамда "Овози Самарқанд" газетаси таҳририяти ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур адабий учрашув «Омаднинг иккинчи номи – шукрона», деб номланди.
Тадбир аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов сўзга чиқиб, китобда жамланган халқ, инсон, унинг фазилатлари, урф-одат ва анъаналари ҳақидаги ҳаётий мушоҳадалар, унинг маънавий-ахлоқий жиҳатлари ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Фармон Тошев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси Тошпўлат Тугалов, фахрий журналист Тошпўлат Раҳматуллаев, вилоят тожик ва тожикзабон миллий-маданий маркази раҳбари Акбар Маҳмудов ҳамда ёзувчи ва шоирлар ушбу китобнинг ибратли жиҳатлари ҳақида тўхталди.
– Баҳодир Раҳмонов шогирдим, унинг ижоди билан кўп йилдан буён танишман, - деди Ф.Тошев. – У ижодкор бўлиш билан бирга фалсафа фанлари доктори ҳам. Бу эса унинг сўз билан бирга тафаккур, фикр юритиш қудратини юракдан ҳис қила олади. Шу боис ўз устида тинимсиз ишлайди ва бунинг натижасида ҳар бир ёзган ибратомуз мушоҳадалари пишиқ-пухталиги ва юксак бадиий савияси билан ўқувчи тийнатида муҳрланиб қолади. Ушбу китоби унинг умрининг қирқ йили давомида ҳаётдан олган таълими, хулосалари мевасидир.