Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Қишлоқ хўжалиги соҳасида гендер тенгликка қандай эришиш мумкин?

Бу саволга Самарқанд шаҳрида қишлоқ хўжалигида инлюзив сиёсатни қўллаб-қувватлаш ва гендер тенглик тўғрисида хабардорликни ошириш мавзусида ўтказилган семинар-тренингда жавоб изланди.

Самарқандда илк маротаба ташкил этилган тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Тадбир аввалида вилоят ҳокимининг ўринбосари С.Жумаева қатнашиб, бу мавзунинг бугунги кундаги аҳамияти ва муҳимлигини таъкидлади. 

Семинар-тренгда халқаро тоифадаги тренер Лола Саидова, Ўзбекистон “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси раиси Адиба Ахмеджонова, Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Нигора Ходжаева вилоятдаги қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган ишчи хизматчиларга соҳадаги янгиликлар билан бир қаторда гендер тенглиги масаласида интеректив усуллардан фойдаланиб, слайдлар орқали маълумот берди.

   Тадбирда аёллар қишлоқ хўжалигида ишловчиларининг қарийб эллик фоизини ташкил этиши, бироқ уларнинг бу борадаги ҳиссаси, кўпинча, етарли даражада эътиборга олинмаётгани таъкидланди. Қишлоқ аёлларининг юқори билими ва иқтидорига қарамай, улар нисбатан паст иш ҳақи тўланадиган вазифаларда, оилавий ишчи сифатида ишлаши ва камдан-кам ҳолларда фермерлик ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларини бошқариш билан шуғулланиши айтиб ўтилди.

-  Мамлакатимизда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясида белгиланган вазифалар, эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароит яратиш, қишлоқ аёлларининг манфаатлари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда чора-тадбир ва ечимлар ишлаб чиқишга қаратилмоқда, - деди халқаро тоифадаги тренер Л.Саидова. - Шунингдек, агросаноат мажмуаси вакиллари иштирокида «Инклюзив қишлоқ хўжалиги сиёсатини амалга оширишни қўллаб-қувватлаш» лойиҳаси доирасида қишлоқ хўжалигида гендер ёндашувларнинг асослари, гендер масалаларига оид Ўзбекистон миллий қонунчилиги, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аграр соҳада хотин-қизларнинг ролини оширишга эътиборни ошириш асосий мақсад этиб белгиланган.

Тадбир давомида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни иқтисодиётнинг ҳар бир соҳасида, жумладан, қишлоқ ва ўрмон хўжалигида гендер масалаларини ҳисобга олувчи стратегия ва тадбирлар режасини ишлаб чиқишни талаб қилиши айтилди. Шунингдек, Ўзбекистонда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 32 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келиши ҳамда соҳа ишчи кучларининг камида 27 фоизининг бандлигини таъминланганлиги билдирилди. Бугунги кунда аҳолининг деярли ярми қишлоқларда яшаши ҳисобга олинса, бу қишлоқ аёлларининг ҳуқуқ ва имкониятларини янада кенгайтириш долзарб масалага айланиб бораётгини муҳимлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти мамлакатимизнинг қишлоқ хўжалиги ва агросаноат комплекси билан боғлиқ бошқа ташкилотларига аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари, айниқса, қишлоқ аёлларининг эҳтиёж ва манфаатларини ҳисобга олган сиёсий тадбир ва ечимларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга ошириш имкониятларини ривожлантириб, ёрдам бериб келаётгани айтиб ўтилди.

Семинар иштирокчилари мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Ҳусан ЭЛТОЕВ.