«Қитмир»ликдан қандай қутулиш мумкин?

Ишхонада ўтирган эдим, қўнғироқ бўлиб қолди.

- Биласизми, - деди таниш овоз, - кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда туманимиз ҳақида салбий ҳолатларни акс эттирувчи бир-бирини такрорлайдиган хабарлар кўпайиб кетди. Очиғи, урчимоқда. Ишлашга халақит берадиган одамларни чалғитувчи, ишдан қўлини совутувчи бундай гап-сўзлар рост бўлса майли, дейсиз. Аммо уларнинг таг-замирида мансабдор шахслар устига мағзава ағдаришдек нохуш ҳид анқиб турганлигига чидаб бўлмайди. Газеталарингизга шулар ҳақида ёзсаларингиз бўлмайдими?

Бу хилдаги гаплар кеча ёки бугун бўлаётгани йўқ. Ҳамкасблар орасида, бошқа давраларда «Эҳ, фалончи писмадончини боплабди, роса обориб олиб келди», «қўрқитибди», дегувчилар кўпайгандан кўпаяётганди. Оғайнимизнинг гапидан кейин ўйланиб қолдим ва унга «бўлади» деб жавоб бердим.

Газетхоннинг мурожаати, таклифига жавоб бериш вазифамиз. Шу боис, қоғоз титкилашга тўғри келди ва «Блогер ким?», деган саволга жавоб топишга ҳаракат қилдим. Интернетда турли хил сайтларнинг эгалари блогер дейиларди. Яъни, улар ўз сайтларида янгиликлар, ҳар хил маълумот берувчилар ҳамдир.

Яна бир маълумотда шундай изоҳ ҳам бор. Блог – инглизча wev log – интернет журнал бўлиб, блогер (интернет журнални юритувчидир) ўз фикрлари, бирор воқеага муносабатни бошқалар билан бўлишувчи шахс. У бир вақтнинг ичида, муаллиф, муҳаррир, саҳифаловчи - дизайнер, фото, видеомонтажчидир. Блогер матн, тасвир, мультимедиани ўз ичига олган мунтазам маълумотлар қўшиб борадиган сайтни юритувчи.

Шуларни ўқир эканман, блогерлар зиммасидаги иш, масъулиятли, вазифа нақадар катта эканлигини ҳис этдим. Демак, улар жамиятимизда юз берадиган воқеа-ҳодисалар, янгиликларни тезкор, холисона ижтимоий тармоқларга жойлаштириб, оммага етказадиган ҳамкасблар. Нақадар масъулиятли иш.

Хўш, ҳамкасбларимиз ўз вазифаларини қай даражада уддалашяпти?

Тан олиш керакки, ижтимоий тармоқлар бугунги кунда жамиятимизнинг асосий бўғинларидан бирига айланмоқда. Чунки замон, давр талаби шундай. Тезкорлик, холислик ва ҳоказо. Бу борада блогерлар орасида ўз касбининг ҳақиқий фидойилари кўпчиликни ташкил этаётганлиги қувонарли. Улар билим, тажриба, ростгўйлик, адолат каби журналист этикасига амал қиладиган том маънодаги журналистлардир.

Мен бундай ҳамкасбларимизнинг кўпини яхши биламан ва меҳнатини қадрлайман.

- Бизни «қитмир журналистлар» ҳам дейишади, - дейди шу соҳа нонини ҳалоллаб келаётган ҳамкасбларимдан бири, номини ошкор қилмаслигимни илтимос қилиб. – Елкамизга бу ном бекорга ёпиштирилмаган. Демак, орамизда чумолидан фил ясайдиган, холис фикр юритмайдиган, мансабдор шахсларнинг «попугини пасайтириб» қўйиб сохта «обрў» орттиришга ҳаракат қиладиган блогерлар ҳам афсуски борлиги, қўпол бўлса ҳам шаънимизга иснод келтираётганидан кўз юма олмаймиз. Зеро, блогер деган шахс гарчанд, ўзининг сайти бўлса-да, журналистик этика чизиқларидан чиқмасагина, яъни шов-шувларга берилмасагина ҳақиқий блогер ҳисобланади. Тезкорлик, ҳозиржавоблик, деб қуюшқондан чиқиш бу бизнинг ишимиз эмас.

Сўнгра, ҳамсуҳбатим яқинда Фарғонада юз берган блогерлар билан боғлиқ воқеаларни ёдга олди. Воқеаларни ижтимоий тармоқларга нохолис жойлаштириш, бирор бир ўзгариш юз беришини кутиб, изма-из «пойлаб» юриш кўпчиликнинг очиғи ғашига тегди, биздан ихлоси қайтди.

Хўш, бу хилдаги ёндашувлар кимга ва нима учун керак бўлди?

Вилоятимизда ҳам айрим ҳамкасбларимиз шу йўлни тутиб иш кўраётганлигини сира ёқламайман. Бериладиган ҳар бир хабар, воқеа, холис, ишонарли бўлсагина биз «қитмир»ликдан холи бўламиз.

Демак, блогерми, газеталар мухбири бўладими, айтар гапини холисона, ўйлаб тарқатиши ёки ёзиши барчамизга, қолаверса, жамиятга манфаат келтиради. Ўзгалар шаъни, қадр-қимматини топташ билан ҳеч ким обрў топмайди.

Адҳам ҲАЙИТОВ.