"Қиз ўғрилари"нинг кетидан
Ярим тун, одатда ишдан кеч қайтаётганимда машинада мусиқани баландроқ қилиб қўйволаман. Светофорда тўхтаганимда олдинги қатордаги "дамас" худди мен эшитаётган мусиқага ҳамоҳанг тарзда ўйнагандек икки ёнга чайқала бошлади. Ёшлар зиёфатдан қайтяпти, деб ўйладим.
Ҳаракат бошланди. Шу вақт ёнимда кетаётган машина ҳайдовчиси менга қанақадир ишоралар қилиб, сигнал чалаётганини пайқаб қолдим. Ойнани очсам, у “олдимиздаги "дамас" қизболани ўғирлаб кетяпти, тўхтатиш керак”, деб бақирди.
Вазиятни тўлиқ англамаган бўлсам-да, унга қўлим билан маъқул ишорасини қилиб, "дамас" кетидан қувдим. Икковлон анча масофадан кейин уни тўхтатишга эришдик, аммо қаҳрамон бўлолмадик. Сабаби, дамаснинг ичида қиз эмас, бир нечта ўғил бола ўтирган экан. Светофорда ўшалардан бири қизбола овози билан “Ёрдам беринглар”, деб бақирибди. Ҳе, қилиғинг қурсин!
Очиғи, бу ҳолат мени хурсанд қилди. Кимнидир қувлашга тўғри келганидан эмас, нотўғри маънога борманг, тўхтата олмаганимизда ҳам ИИБга хабар бериб, кетидан қолмай кетаверардик. Балки, одамларимиз бефарқликдан уйғонаётганидан, кимгадир кўмак бериш учун ўз ҳаловатидан воз кечаётганидан қувондим.
Бир бегона қизни кўча зўрларидан ҳимоя қиламан деб уст-бошим абгор бўлган, аммо атрофдагилар эътиборсиз ўтиб-кетаверган бир давр, аламли хотира эсимга тушиб кетди.
Шубҳали вазиятда тезкор ва тўғри қарор қабул қилиб, жараёнга мени ҳам жалб қилган ўша ҳайдовчининг отасига раҳмат.
Асқар Баротов.