Қўли калталарни қўллашга бурчлимиз

Юзага келган пандемия шароитида халқимиз орасида иқтисодий жиҳатдан қийналиб қолганлар борлиги сир эмас. Шу сабабли халқнинг вакиллик органидаги ноиби сифатида сайловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга кўмак бериш мақсадида амалий ишлар олиб боряпмиз.
Хусусан, ҳар ҳафтада бир кунни сайлов округидаги аҳолининг турмуш шароитини ўрганишга ажратаман. Ўрганишлар давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган 10 та оилага бепул озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилишини йўлга қўйдик.
Якунланаётган ҳафта кам таъминланган хонадонлар рўйхатига яна 10 та оила қўшдик. Уларга 500 килограмм ун, 20 килограмм гўшт ва 5 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини тадбиркорлар ва маҳалла фаоллари иштирокида топширдик.
Шунингдек, аҳоли даромадларини ошириш борасида томорқадан унумли фойдаланиш борасида тушунтириш ишларини олиб боряпмиз. Кимнинг кўчат ёки қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини олишга имкони бўлмаса, амалий ёрдам бериш чораларини кўряпмиз. Мисол учун, яқинда 5 та кам таъминланган хонадонга тегишли масъуллар билан зарур миқдорда мевали дарахт кўчатлари ва зарур экинлар уруғлари етказиб бердик.
Дарвоқе, Сирдарёда юзага келган табиий офат бошқа юртдошларимиз каби биз, қўшработликларни ҳам бефарқ қолдирмади. Бу борада “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ташкил этилган “Сардоба сари саховат карвони” акциясига ўз ҳиссамизни қўшдик.
Албатта, ҳали қиладиган ишларимиз бисёр. Халқимиз ишончини оқлаш йўлида, бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз!
Бурхон УМАРОВ,
халқ депутатлари Қўшработ тумани Кенгаши депутати.