Қонун янги таҳрирда қабул қилинди: нима янгиликлар бор?

Мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топтиришда одил судлов алоҳида ўрин тутишини эътиборга олган ҳолда кейинги тўрт йилда суд-ҳуқуқ соҳаси изчиллик билан ислоҳ қилинмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилиб, мазкур йўналишдаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиши таъкидланган эди.

Ана шу эътибор натижасида 2021 йил қонунчиликда сермаҳсул ва самарали бўлмоқда. Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг давоми сифатида 12 январь куни Президентимиз бир қатор қонунларни имзолади. Бу қонунларда суд тизимини кескин ислоҳ қилувчи ўзгаришлар мустаҳкамланган.

Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан қабул қилинган қонунлар суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг янги босқичга кўтарилганидан далолат беради.

2021 йил 18 февралда қабул қилинган қонун билан Ўзбекистон қонунчилиги тарихида бўлмаган янгиликлар жорий этилди. Ривожланган давлатлар юрисдикциясида турли кўринишларда муваффақиятли қўлланиб келинаётган дастлабки эшитув, кўрсатмаларни мустаҳкамлаб қўйиш, айбига иқрорлик бўйича келишув каби амалиётлар, миллий қонунчилигимизга, қолаверса миллий менталитетимизга мослаштириб ишлаб чиқилди.

2021 йил 27 апрель куни Президентимиз томонидан имзоланган янги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳим янгиликлар сирасига киради. Чунки, мазкур қонунда бутунлай янги тартиблар мустаҳкамланган.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг давоми сифатида “Судлар тўғрисида”ги янги қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 15 июнда қабул қилинган эди. Сенат томонидан эса 2021 йил 26 июнда маъқулланди ва 28 июлда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди.

Мазкур қонун давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини  оширишга  доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қонун судларнинг тузилмаси, туман (шаҳар), туманлараро, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар, Олий суд, суд ҳайъатлари, Олий суд Раёсати ва Пленуми ваколатлари доирасини назарда тутади.

Ҳужжатда судьялик лавозимига номзод ва судьяга қўйиладиган талаблар, шунингдек судьяларни, судларнинг раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби батафсил кўриб чиқилган.

 Суд тизимида ташкилий-таркибий ўзгартиришлар назарда тутилган. Судьялик ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш асослари ва тартиби, судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоялаш чоралари қатъий белгилаб қўйилди.

Қонун 14 боб, 101 моддадан иборат бўлиб, унинг ҳар бир моддаси алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, ўзида акс этган масала бўйича конкрет ечим, аниқ кўрсатма беради. 

1-моддада Ўзбектистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро ҳокимиятларидан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти фақат судлар томонидан амалга оширилади. Ҳеч қайси бошқа органлар ва шахслар суд ҳокимияти ваколатларини ўзлаштириб олишга ҳақли эмас.

4-модда “Суднинг асосий вазифалари” деб номланган. Унда мустаҳкамланишича, суднинг асосий вазифалари фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонунлари, халқаро шартномаларида, шунингдек, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ва эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

Суднинг фаолияти қонун устиворлигини, ижтимоий адолатни, фуқароларнинг тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган.

Мазкур Қонуннинг асосий жиҳатларига эътибор қаратамиз. Унга кўра, барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.

Суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин.

Ўзбекистонда суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тильда олиб борилади.

Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади.

Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши мумкин эмас.

Шу билан бирга, Олий суд қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.

35 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги белгиланди.

Судья биринчи марта 5 йиллик муддатга, навбатдаги 10 йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда сайланади ёки тайинланади.

Олий суд судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун – 65 ёшни ташкил этади.

Уй-жойга муҳтож бўлган судья маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда суд жойлашган ерда хизмат турар жойи билан таъминланади.

Судья унга доимий яшаш учун белгиланган тартибда турар жой берилгунга қадар турар жой арендаси, ижараси (иккиламчи ижараси) билан боғлиқ харажатлари компенсация қилиниши ҳуқуқига эга.

Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.

Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Суд ҳокимияти мустақил, суд тизими мукаммал, судья ижтимоий, моддий ва маънавий ҳимояланган бўлсагина адолат тантана қилади.  Ушбу қонунда айнан шу муҳим масалалар ечими мустаҳкамланган.

Олим ҲАЙИТОВ,

Самарқанд вилоят суди раиси.