Қонунчилик палатаси спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилмоқда
Парламентга «Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси киритилди.
Сенат ваколатлари янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқлаштирилмоқда. Унга кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш, Қонунчилик палатаси тарқатиб юборилган даврда Олий Мажлиснинг қонунларни қабул қилишга доир ваколатларини бажариш, қонунни у Сенатга келиб тушган кундан эътиборан 60 кун ичида кўриб чиқиш ва бошқалар назарда тутилмоқда.
Сенат аъзолари ҳар бир маъмурий-ҳудудий бирликдан 4 нафардан сайланиши, 9 нафари президент томонидан тайинланиши (жами 65 нафар) белгиланмоқда. Доимий асосда ишловчи сенаторлар сони 25 нафар миқдорда сақланиб қолмоқда.
Сенатнинг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тугатиш таклиф этилмоқда.
Сенатнинг қуйидаги ваколатлари бекор қилиниб, Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари сифатида белгиланмоқда:
• давлат бюджетининг ижро этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш;
• президент тақдимига биноан бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш;
• бош вазир, ҳукумат аъзоларининг ҳисоботларини ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳар йилги маърузасини эшитиш.
Қонунчилик палатаси спикери ўринбосарлари сони 7 тадан 2 тага қисқартирилади. Бунда:
• спикернинг ўринбосарлари фракция аъзоси бўлиши мумкин эмаслиги ҳамда лавозимда бўлиш даврида сиёсий партиядаги аъзоликни тўхтатиб туриши белгиланмоқда;
• фракция раҳбари моддий, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шарт-шароитларига кўра спикер ўринбосарига тенглаштирилмоқда.
Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг ўзини ўзи тарқатиб юбориш ваколати киритилмоқда. Бундай ҳолатда Қонунчилик палатасига янги сайлов 2 ой мобайнида ўтказилади, Сенатнинг янги таркиби 1 ой мобайнида шакллантирилади.