Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Қўқон-Тошкент» йўналишида қатновчи ҳайдовчининг жасади топилди

Бир неча кундан буён ижтимоий тармоқларда «Қўқон-Тошкент» йўналишида қатновчи ҳайдовчи бедарак йўқолгани ва орадан вақт ўтиб, унинг жасади Оҳангарон туманидан топилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, 2020 йил 6 январь куни Фарғона вилояти, Данғара туманида истиқомат қилувчи Б.Давидова Оҳангарон тумани прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиб, унда 1962 йилда туғилган турмуш ўртоғи К.Юлдашев 2020 йил 5 январь куни тушдан кейин оқ рангли «Кобальт» русумли (давлат рақами 40Z 075RA) автомашинасида «Қўқон-Тошкент» йўналиши бўйлаб кира қилиш мақсадида уйидан чиқиб, шу бўйича қайтмаганини билдирган ва уни топишда амалий ёрдам беришни сўраган.

Терговга қадар текширув давомида бедарак йўқолган К.Юлдашев 2020 йил 5 январь куни соат 23:00 ларда Тошкент шаҳар, Бектемир туманидаги «Водий» автобекатидан Данғарага қайтиш учун йўлга чиққани, соат 23:52 да эса уяли телефони орқали қизи билан гаплашиб, Оҳангарондан Бешариқ туманига йўловчи олиб қайтаётганлигини маълум қилгани аниқланди. Шундан кейин унинг телефони ўчирилиб, уйига етиб бормаган.

Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 2020 йил 7 январь куни соат 18:00 ларда К.Юлдашев бошқарувидаги «Кобальт» автомашинаси Оҳангарон шаҳар Янгиобод маҳалласидан топилди.

Ҳодиса жойи ва автомашина кўздан кечирилиб (автомашина салони ва юкхонасидан), қонга ўхшаш қизғиш доғлардан намуналар ва ўриндиқ жилдлари ашёвий далил тариқасида олинган.

Ушбу ҳолат юзасидан 2020 йил 7 январь куни Оҳангарон шаҳар прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «и» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Жиноят иши юзасидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари жараёнида К.Юлдашевнинг мурдаси (2020 йил 8 январь куни) унинг автомашинаси топилган жойдан 18 километр узоқликда, яъни Оҳангарон тумани, Телов маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи «Ангрен» дарёси устидан ўтувчи «Нуробод-Телов» автомобиль йўлидаги кўприкдан ўнг томонда, дарё ўзани чап томонидаги чакалакзордан топилган. Мурда ялонғоч ҳолатда бўлиб, баданининг олди тарафига 7 маротаба, орқа томонига 7 маротаба ўткир тиғли жисм билан етказилган тан жароҳатлари борлиги аниқланган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасида К.Юлдашевнинг ўлими қўшма жароҳат: бош мия ёпиқ жароҳати, кўкрак олд-орқа ва ёнбош, қорин соҳаларида кўплаб санчилиб кесилган жароҳатлари оқибатида келиб чиққан ташқи ва ички қон кетиши натижасида юзага келганлиги кўрсатилган.

Ҳозирда жиноятни фош этиш чоралари кўрилмоқда.

Жиноят иши Бош прокуратура назоратида.