Қорабоғ  фожиаси

Баъзан киши миясига ғалати ғаройиб фикрлар келади. Айтайлик, немис халқини дунёнинг энг устун миллатига айлантириш ёки ҳокимиятни ялангоёқларга олиб бериб, ҳаммани тенглаштириб, ер куррасида коммунизм қуриш...

1988 йилда собиқ СССРда қайта қуриш бошланиб, бироз эркинлик шабадаси эса бошлагач, қайсидир бир калтабин нодоннинг хаёлига Озарбайжон ССР таркибидаги кўпчилик арманилар истиқомат қиладиган Тоғли Қорабоғ автоном вилоятини республикадан ажратиб олиб, Арманистонга қўшиш ғояси туғилди ва бу борада ҳаракат бошланди. Ўрни келганда шуни ҳам айтиш керакки, бу заҳаролуд ғояни маҳаллий арманилар эмас, балки, хорижда яшовчи миллатдошлари кўтариб чиқишди. Ҳозир дунё миқиёсида 12 миллион нафар армани миллатига мансуб аҳоли бўлиб, уларнинг уч миллионга яқини Арманистонда истиқомат қилади. Яна 7-8 миллиондан иборат крипто(чала) арманиларни қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, қарийб 17 миллион ўзини армани деб биладиган кишилар Арманистондан ташқарида яшайди. АҚШ, Франция, Россияда миллион-миллион кишилик арман диаспоралари мавжуд ва улар ушбу мамлакатларда катта сиёсий-иқтисодий нуфузга эга. Масалан, Россия федерал телевизион каналларида хизмат қилаётган кўпчилик журналистлар арманлардир. Хориж учун хабарлар тайёрлайдиган “Раша Тудей” телевизион канали раҳбари Маргарита Симонян, қолаверса, Россия ташқи ишлар вазири Лавров (асл фамилияси Калантарян) армани милатига мансубдирлар. Бу ҳолат тарихий анъана бўлиб, Россия ва СССР тарихида муҳим роль ўйнаган Шаумян, Баграмян, Микоян сингари давлат арбоблари ва ҳарбий саркардалар ҳақида биз – кекса авлод вакиллари етарли маълумотларга эгамиз.

 Хуллас, четдан туриб сувни лойқалатадиган нокасларнинг касри оқибатида бир-бири билан иноқ яшаб келаётган икки халқ орасида жиддий миллатлараро можаро келтириб чиқарилди. 1991-1994 йилларда ушбу зиддиятлар тўлақонли ҳарбий тўқнашувга айланди ва минтақадан озарбайжон ва бошқа миллат вакиллари сиқиб чиқарилди. Натижада, Озарбайжондан мустақил, фақат арманилар яшайдиган Тоғли Қорабоғ Республикаси тузилганлиги эълон қилинди. Гарчанд бу ясама давлатчани дунёда ҳеч ким тан олмаган бўлса-да, у ўзича ўз армияси, конституцияси, давлат рамзларига эга бўлган мамлакат сифатида Арманистон республикасига қўшилиб яшай бошлади.

Шубҳасиз, ўша пайтда ички муаммоларига ўралашиб қолган мустақил Озарбайжон давлати Россия кўмагидаги яхши қуролланиб олган айирмачи кучларга муносиб қаршилик кўрсатолмади ва республиканинг йигирма фоиз ери сепаратчилар томонидан эгаллаб олинди. Оқибатда Жанубий Кавказда яна битта нотинч оловли нуқта пайдо бўлди. Бу эса Москванинг узоқни кўзлаб юргизаётган сиёсатига батамом мос келарди.

 Биринчидан, минтақада нотинч вазиятни вужудга келтириш, иккинчидан, икки қўшни халқни бир-бирига ўчакаштириб қўйиш, учинчидан, Европа ҳамжамияти сари интилаётган армани ва озарбайжон халқларини бу йўлдан тийиб қўйиш. Чунки Европа Иттифоқи низомига асосан, ички ва ташқи низолари бўлган давлатлар ҳамжамиятга қабул қилинмайди.  

Ҳозирги вазиятда ушбу масала бўйича дунё икки қисмга бўлиниб кетди. Ярмиси Арманистонни ёқлаётган бўлса, ярми Озарбайжонни ҳимоя қилиб чиқмоқда. Ҳатто, бир пайтлар Қорабоғни эгаллашда рус армияси арманиларга катта ёрдам берганлиги ҳақида тап тортмай ёзган россиялик ҳақгўй публицист Александр Невзоров ва журналист Юлия Латинина ҳам, негадир, арманлар томонига ўтиб олишди. Мен уларни тушунаман, чунки улар учун диктатор Алиевдан кўра демократ Пашинян яқинроқ. Аммо Невзоровнинг ўзи демократия байроғи остида дунёда кўп қабиҳликлар амалга оширилаётгани ҳақида тинимсиз ёзаётганлиги ҳам бор гап.

Ушбу масалада, фақат битта таянч нуқтаи назар юзасидан баҳо бериш мумкин. У ҳам бўлса, халқаро ҳуқуқ ва шартномалар асосидагина фикр юритиш жоиз.

1975 йилда Финландиянинг Хельсинки шаҳрида чақирилган Европа ва Шимолий Америка давлатлари халқаро кенгашида Иккинчи жаҳон урушидан кейинги дунё мамлакатлари чегаралари бундан буён дахлсиз ҳамда қатъий дея эълон қилинган ва бунга 35 давлат бошлиқлари, жумладан собиқ СССР раҳбари Леонид Брежнев ҳам ўз имзосини қўйганди.

Афсуски, йиллар ўтиши билан ушбу мўътабар халқаро ҳужжат оёқости қилинди. Собиқ СССРга ўзини қонуний ворис дея эълон қилган Россия Федерацияси Украинадан Қрим ярим ороли ва Донбасс ҳамда Луганск вилоятларини ажратиб олди. Жанубий Осетия ва Абхазия Грузиядан, Приднестровье эса Молдавиядан қуролли тўқнашувлар воситасида тортиб олинди.

Шу ўринда битта тарихий фактни эслатиб ўтаман. 1990 йилда Берлин девори қулаб, ГФР ва ГДР ихтиёрий (!) равишда бирлашганида, Буюк Британия премьер министри Маргарет Тетчер бунга қатъиян қарши чиққан эди. Ваҳоланки, у бундан севиниши керак эмасмиди?! Йўқ. У доно сиёсатчи сифатида беш қадам олдинда нима борлигини кўра билганди. Натижада, Европада чегараларни қайта тафтиш қилиш бошланиб кетди. Югославия уруш олови ичида қолди, Чехословакия иккига бўлиниб кетди, Сербия, Косово, Хорватия, Босния, Герцоговина ва Черногорияда бегуноҳ инсонларнинг қони дарё бўлиб оқди. Бугунги кунда ҳам чегараларни қайта тафтиш қилиш иддаоси асосида Италия, Франция, Испания, Буюк Британия, Голландия сингари Европа мамлакатларининг ҳудудий яхлитлиги шубҳа остига олинмоқда.

Шу маънода, кейинги даврда қарор топган давлат чегараларини қайта кўриб чиқишга уриниш катта-кичик уруш-жанжалларни келтириб чиқармоқда. Биргина Украинада 2014 йилдан буён қарийб 15 минг одам қурбон бўлди.

Тоғли Қорабоғ можаросини ҳам шу асосда кўриб чиқадиган бўлсак, Озарбайжоннинг ҳудудий яхлитлигига дахл қилиниб, унинг бир қисми ноқонуний йўл билан ажратиб олиниши жуда катта хато бўлган. Халқаро ҳамжамият ва атрофдаги йирик давлатлар ушбу хатони тузатиши ва шу билан бирга қайси республикаларнинг ҳудудлари ноқонуний тарзда тортиб олинган бўлса, ўз эгаларига қайтарилиши керак.

Умуман, БМТ (Бирлашган миллатлар ташкилоти) жорий давлат чегаралари ва ҳудудий яхлитликнинг дахлсиз эканлиги масаласини кун тартибига қўйиб, нуфузли халқаро кенгаш чақириши лозим.

Худойберди  КОМИЛОВ,

 "Зарафшон" газетасининг сиёсий шарҳловчиси