Қоронғида, “трафик” тугаганда орзу қилиб бўлмайди...
Телефонингизнинг ойлик тўлови қанча? 50 мингми ёки 100 минг? Бу қайси компания мижози эканлигингизга ҳам боғлиқ. Чунки мамлакатимизнинг турли ҳудудларида интернет тезлиги ҳар хил. Қаерда, қайси компания яхшироқ ишлашини ёшлар биз, катталардан кўра яхшироқ билади.
Шунингдек, Ўзбекистон интернет тезлиги энг ёмон давлатлар рейтингида 4-ўринда ва юртимиз дунёда интернет нархи энг қиммат давлатлар орасида ҳам пешқадамлар сафида эканлиги ҳам кўпчилигимизга маълум.
Одатда, ташкилотларда асосий иш компьютерда бажарилади. Қолган жараёнлар эса қўлимиздаги жажжи қурилма, телефонимизга боғлиқ. У бизнинг энг яқин кўмакчимиз, дастёримизга айланиб улгурди.
Яқинда зиёли, кўпни кўрган олим шу қурилма орқали кўп ишларни бажариш мумкинлигини таъкидлади. Бу ҳақиқат. Интернет замонида яшаяпмиз, унинг тезлиги ишимиз самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатади. Топшириқ, вазифа ёки сўралган маълумотни зудлик билан тайёрлаб, тезкорлик билан жўнатсак, кўнгил тўқ, вазифамизни уддалайдиган яхши ходиммиз. Акси бўлса, ёмон...
Бугун жамиятнинг барча соҳалари интернет билан чамбарчас боғланган. Илгари ташкилотларда маълумот жўнатиш учун факс аппарати бўларди. Сўнг электрон почта, энди эса телеграм. Ҳимояланган электрон почта - Е-хат тизими мураккаблиги, қимматлиги ва бошқа жиҳатлари учун ҳамма ҳам бирдек фойдалана олмаётгани боис россиялик вундеркинд Павелжоннинг (телеграм асосчиси Павель Дуров) кашфиётидан бутун дунё аҳли қатори, биз ҳам беминнат фойдаланяпмиз.
Яна бошқа мақсадларимиз учун “Фейсбук”, “Одно”, “Твиттер”, “Ватсап” ва ҳоказолар хизматимизга тайёр. Ишсиз қолмаймиз, зерикишга ҳожат йўқ. Қўл телефонларимиз ишимизнинг ярмини бажаради.
Яқинда ижтимоий тармоқда ўқигандим – одам телефонини йўқотиб қўйса, талвасага тушиб қолар экан. Буни олимлар ўлимолди талвасасига ўхшатишди.
Шу ўринда бир мулоҳаза, булар нима билан ишлайди? Албатта, электр энергияси билан. Автомашина ёқилғисиз юрмагани каби электрсиз телефон қуруқ матоҳ.
Самарқанд шаҳрида, умуман, мамлакатимизда электр энергияси танқислиги кейинги 2 ой мобайнида жуда билинди. Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳар куни истеъмолчилардан узр сўрайди. Бу йил юртимизда росмана қиш бўлди. Ўтган йили номигагина қор ёққанди. Қиш совуқ келгани боисми, ҳамма электрдан фойдаланишга ўтди. Зўриқиш оқибатида ҳали у ер, ҳали бу ерда авария ҳолати, узилишлар содир бўлмоқда. Кондиционерлар, телевизор ишламайди, босим пастлиги учун компьютер ҳам ёнмайди. Хуллас, бу муаммо ҳаммамизнинг бошимиздан ўтди. Ана шунда электрнинг бебаҳо неъмат эканлигини тушундик (айримларга бу ҳали ҳам етиб бормаган бўлиши мумкин). Ҳозирда қўшни Туркманистондан валюта эвазига сотиб олинаётган электр энергиясини беҳуда исроф қилмасликни кўнгилга тугиб қўйдик. Хонадонимиздаги барча ёритгичларни тежамкор лампаларга алмаштиришдан бошладик бу ишни.
Ўтган йиллар давомида малакатимизда кўп соҳаларга хорижий инвестициялар жалб қилинган. Аммо энергетика тизими бундан мустасно экан. Бу факт одамни бироз ўйга солади, кишини. Демак, келгуси йилларда ана шу жиҳатларга эътибор қаратилиши лозим.
Дунё билан бўйлашишни истасак, аввало бизда етарлича электр энергияси бўлиши керак. Қолаверса, Президентимиз 2020 йилни Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилди. Аввал иқтисод, кейин сиёсат деганларидек, янгиликлар дастлаб иқтисодиётимизга жорий этилади. Рақамли технологияларнинг асоси эса интернет.
Қоғозбозликдан қутулиб, электрон маълумот тайёрлашга ўтганимизга анча бўлди. Ҳатто энди “Меҳнат дафтарчаси” ҳам электрон шаклда юритилади. “Виртуал қабулхона”лар ишлаяпти. Кириш имтиҳонларидан онлайн тарзида ўтиб, 7 та олийгоҳга ўқишга қабул қилинган талаба ҳақида ҳам биламиз. Ақлли ҳисоблагичлар ҳақида эшитгансиз. Энди эса ақлли уйлар ҳам бор. Буларнинг барчаси рақамли технологиялар мўъжизаси, аслида.
Ҳа, биз ҳам тараққиёт сари илдам қадам қўйяпмиз. Рақамли технологиянинг барча соҳаларга жорий этилиши турмуш фаровонлигимизни оширишга хизмат қилади. Вақтимизни, асабларимизни, ортиқча ҳаракатларимизни, қолаверса, бироз бўлса-да ҳамёнимизни ҳам тежайди.
Аммо бунинг учун бизга етарлича электр энергияси керак. Электр энергияси эса инсониятнинг буюк кашфиёти. Буюк кашфиётларни илм-маърифатсиз қўлга киритиб бўладими? Афсонада айтилганидек, “Маъбудлардан ўғирланган олов инсоният тақдирини қанчалик ўзгартириб юборган бўлса, электрнинг таъсир доираси бундан-да муҳим”.
Шунинг учун электр энергиясини исроф қилманг, “қоронғи”да қоласиз.
Биз, журналистлар жуда антиқамизда... Баъзида қизиқишларимиз меъёрдан ошиб кетади. 24 кун мобайнида шу ҳақда гаплашиб турдик, худди бошқа ташвишимиз йўқдек...
Йил қандай номланиши ҳақида баҳс бойлашдик. Биримиз ёшларга эътибор қаратиляпти, йил номланиши шунга боғлиқ бўлади, дедик. Бошқамиз ўқитувчилар, дўхтирларнинг обрўсини кўтариш керак, Президентимиз шунга урғу беряпти, деди. Яна биримиз матбуотчилар йили, журналистлар тўртинчи хокимият бўлади, дедик. Аммо кўриб турганингиздек, баҳсда ҳеч ким “ғолиб” бўлолмади...
Айганча, телефондан гап бошлагандим, чўзилиб кетди. Яна интернет яхши ишламаяпти, трафигим тугаган шекилли, ой охири-да..!
Гулчеҳра БЕРДИЁРОВА.