Қўшиқ ҳам жанговарликни оширади
“Катта бўлсам аскар бўламан!”. Бу ҳар бир йигитнинг болалигидаги орзуси бўлади. Мен ҳам болалигимда ҳарбий бўлишни ният қилганман.
Бу ҳарбий хизматчи Акрам Раҳматуллаевнинг гаплари.
- Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани Еттитом қишлоғида туғилганман, - дея гапида давом этади у. - Биласиз, Чироқчида курашчи полвонлар талай. Уларга ҳавас қилиб, эсимни таниганимданоқ спорт билан шуғулланиб келаман. Шу билан бирга санъатга ҳам қизиқишим баланд бўлган.
Мактабни битириб, Қарши маданият ва туризм коллежида фольклор йўналишида ўқидим. 2021 йилда коллежни тамомлаб, йигитлик бурчимни Самарқанд шаҳридаги ҳарбий қисмда ўтадим ва шу ерда хизматни давом эттириш имконияти туғилди. Аввало, портловчи моддаларни зарарсизлантириш отрядида фаолият юритдим. Хизматим давомида мендаги санъатга бўлган қизиқишимни, истеъдодимни пайқаган командирлар мени Самарқанд горнизони маънавият ва маърифат маркази қошида ташкил этилган ҳарбий оркестр жамоасига тавсия қилишди. Бир йилдан бери хизматимни шу жамоада давом эттиряпман.
10 га яқин эстрада ва миллий мусиқа созлари, шунингдек, дўмбира, чанқовуз, лойҳуштак, сополнай каби қадимий чолғу асбобларини чалишни биламан. Бундан 4 йил аввал қизиқишим сабабли дўмбира сотиб олгандим. Аввал уни чертишни ўргандим, кейин термалар куйлашга ҳаракат қилдим. Овозимни диктофонга ёзиб, эшитиб кўрдим. Бахшиларникига ўхшагандай бўлди. Шу-шу, бахшичилик санъати билан ҳам шуғулланишни бошладим. Озгина бўлса-да, шеъриятга бўлган қизиқишим бу йўлда менга қўл келяпти.
Кишида истеъдод бўлса, қайси соҳада фаолият кўрсатишидан қатъий назар бошқа йўналишлардаги қобилиятини кўрсата билса, ҳар қандай жамоада алоҳида ўрни бўларкан. Санъатга бўлган қизиқишим ва озгина истеъдодим туфайли мактабда ҳам, коллежда ҳам, бугун ҳарбий хизматда ҳам эътибор ва эътирофга сазовор бўлдим.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан вилоятда ўтказилаётган ҳарбий ватнпарварлик ойлиги доирасидаги тадбирларда оркестр жамоамиз билан турли чиқишлар қиляпмиз. Бу жамоада мен тарелка ва барабан чаламан. Ҳарбийча шахдам қадамлар билан мусиқа асбобларини чалиб ҳаракатланишнинг завқи бошқача. Турли куйлар ижро этишимиз ҳарбийларга жанговар руҳ бағишлайди ва уларнинг маданий хордиқ чиқаришлари учун хизмат қилади.
Шунингдек, вилоятнинг турли маҳаллаларида, таълим муассасаларида ўтказилаётган маданий тадбирларда ҳам қатнашиб, аҳоли, хусусан, ёшлар даврасида чиқишлар қиляпмиз. Бу орқали ёш йигит-қизларнинг ҳарбийликка бўлган қизиқиши ортаётганига гувоҳ бўлиб, хурсанд бўламиз.
Марказимизда ҳарбий ансамбль ҳам ташкил этиш режалаштирилган. Бу ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган биз каби санъатсевар ёшлар учун қулай имконият. Шу билан бирга ҳарбий хизматчилар ва аҳоли учун ўтказиладиган тадбирларнинг янада ранг-баранг бўлишига хизмат қилади.