“Қўшмачи” эр-хотиннинг кирдикорлари ошкор этилди

Навоийда ИИВ ЎХБ Навоий вилояти бўйича бўлими ходимлари порахўр “қўшмачи”нинг қинғир ишини фош этди, деб хабар берди ИИВ.

Кармана тумани Талқоқ МФЙда ижарада яшовчи фуқаро Б.Д. ҳамда унинг рафиқаси Б.С. яшаш хонадонига танишлари А.Ў. ҳамда Ш.Ж.ларни алдов йўли билан таклиф этиб, ноодатий тартибда меҳмондорчилик ташкиллаштирди.

Мезбонлар ичимлик олиб келиш баҳонасида дўконга кетиб, анча вақтганча қайтишмади. Аслида уларнинг мақсади меҳмон кутиш эмас, балки “қўшмачилик” қилиш бўлиб чиқди.

Пайтдан фойдаланиб А.Ў. ҳоли қолган Ш.Ж.га тажовуз қилиб, уятсиз хатти-ҳаракатлар содир қилган. Бўлиб ўтган ҳолат юзасидан Ш.Ж. Кармана тумани ИИБга мурожаат қилгану кутилмаганда ариза ёзишдан бош тортган.

Бироқ 3 кун ўтиб Ш.Ж. туман ИИБга қайта ёзма ариза билан мурожаат қилиб, эндиликда воқеа бошқача тус олганлиги юзасидан батафсил маълумот берди. Аризага кўра, Б.Д. туман ИИБнинг “Диёр” исмли ходими номидан кўзбўямачилик асосида иш кўриб, таниши А.Ў.дан бўлган воқеаларни бости-бости қилиш учун 20 миллион сўм пул маблағ талаб қилган ва ушбу маблағ пора сифатида ИИО ходимига бериб, вазиятни ижобий ҳал қилишини  маълум қилган.

Туман ИИБ ЖҚБнинг “Диёр” исмли ходими вилоят ИИБга билдирги орқали мурожаат қилиб, ҳақиқатда ушбу соҳада фаолият олиб бораётганлигини, таассуфки, мазкур ҳолатдан бехабар бўлса-да, фуқаро Б.Д.нинг кескин ҳаракати ходимни порахўр сифатида айблаб келаётгани ҳақида ўз вақтида огоҳлантирди. Билдирги юзасидан Вазирлик ЎХБ Навоий вилояти бўйича бўлими ходимларининг тезкор саъй-ҳаракати туфайли Б.Д. таниши А.Ў.дан пулларни олаётган вақтда далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Навоий вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармасига тақдим этилди.

Воситачилик қилишни ўзига касб қилиб олган Б.Д. ҳамда унинг рафиқаси Б.С.нинг қилмиши инсонийлик хатти-ҳаракатига мутлақо зид. “Қўшмачилик” қилиш билан бирга, ИИО ходими номини суиистеъмол қилиши ҳамда бировнинг номидан ноқонуний ҳаракат содир этаётганлиги ушбу фуқароларнинг одамийлик қиёфасини йўқотиб қўйганлигидан далолат эмасми? Қинғир ишнинг қийиғи 3 кунда фош бўлди. Қонунбузарларнинг қилмишлари энди адолат мезонлари асосида баҳоланади.