Қўшни давлатларда лифтчилар 1000 долларгача ойлик олади, бизда эса 100-150 долларга тенг миқдордаги маош берилади. Нега?

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов Самарқанд шаҳрида Самарқанд, Жиззах ҳамда Навоий вилоятлари уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаларида фаолият юритаётган ёшлар билан учрашди.

Таъкидланишича, коммунал соҳа ходимларининг эллик фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этади.
Учрашувда ёшлар соҳадаги муаммолар юзасидан дадил фикрларини, таклифларини билдирди.

– Бизда олий маълумотли лифтчилар йўқ, – деди Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси етакчи мутахассиси Ҳусниддин Шодиев. – Олий ўқув юртларида олий маълумотли лифт мутахассисларини таёрлашни таклиф қиламан. Совет замонидан қолган лифтларни бир илож қилиб ишлатяпмиз, аммо замонавий электрон лифтларни бошқаришни билиш учун илмли, малакали лифтчилар керак. Бунинг учун лифтчиларнинг маошларини ҳам кўтариш керак. Қўшни давлатларда 1000 долларгача ойлик олади, бизда эса лифтчиларга 100-150 долларга тенг миқдордаги маош берилади.

Навоийлик ёшлар ширкатлар ва улардаги штат бирликлари ҳақида савол берди.
– Энди ширкатлар бўлмайди, унинг ўрнига профессионал бошқарув ташкилотлари орқали бошқаришни йўлга қўймоқчимиз, – деди вазир. – Битта ширкат 2-3 та уйга хизмат қилган бўлса, битта профессионал бошқарув ташкилоти мингта уйга хизмат қилади.
Учрашув якунида фаол ёшлардан бир гуруҳига Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташаккурномаси ва совғалар топширилди.