Қўшработда хонаки товуқ кўпайтирилади

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15-16 апрель кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлар доирасида аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида Қўшработ туманида хонаки товуқ етиштириш ва маҳсулотни реализация қилишнинг яхлит тизимини яратиш бўйича амалий тадбирлар бошланди.

Туманда Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида аҳолига паррандачиликни ривожлантиришга кўмаклашувчи “Лойиҳа офиси” ташкил этилиб, ҳар бир хонадон доимий кузатиб борилмоқда ҳамда уларга ўз вақтида ветеринария хизматлари кўрсатилиши ва зарур озуқа етказиб берилиши йўлга қўйилди.

Дастлаб тажриба тариқасида 70 та хонадонга 55 тадан хонаки товуқ (хўроз) ва инкубатор олиб берилди, шу билан ҳар бир хонадонда кунига 30 та тухум олиш ва бир ойда инкубатор орқали 450 та жўжа чиқариш имконияти яратилди.

Аҳолининг бу борадаги малакасини ошириш учун Фарғона вилояти Тошлоқ туманидан мутахассислар жалб қилиниб, амалий семинар ташкил этилди. Мутахассислар инкубаторни ишлатиш, паррандаларни парвариш қилиш, эмлаш бўйича батафсил тушунтириш беришди. Парранда етиштириш механизмлари акс этган тарғибот материаллари тақатилди.

– 70 хонадонда бу тажриба ўзини оқлагач, кейинги босқичда ушбу тизимни бошқа хонадонларда ҳам жорий қиламиз, – деди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов. – Ҳозирча туманда ушбу фаолият билан шуғулланиш истагида бўлган 200 та хонадон рўйхати шакллантирилган. Ҳар бир хонадонга банклар томонидан “Оилавий тадбиркорлик дастури” доирасида 33 миллион сўмгача кредит маблағлари ажратилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, битта хонадонда бир ойда 450 та, бир йилда 5400 та, 200 та хонадонда 1 миллионта жўжа чиқарилади. Бу билан туманда хонаки товуқ етиштиришга ихтисослашган “маҳаллалар кластери” шаклланади.

Семинарда қатнашган вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Иноғомовнинг қайд этишича, “Лойиҳа офиси” томонидан ҳар бир хонадон доимий кузатиб борилади ҳамда уларга ўз вақтида ветеринария хизматлари кўрсатилиши ва зарур озуқалар етказиб берилиши таъминланади.

Самарқанд вилояти давлат

солиқ бошқармаси ахборот хизмати.