Қўшработлик электромонтёр криптовалютага қўл урган, у ўзига тегишли бинода майнинг ферма ташкил қилган
Кейинги вақтларда замона зайлига ҳамоҳанг тарзда жиноятнинг янгидан-янги турлари пайдо бўлмоқда. Қўшработлик электромонтёр Ш.Х.нинг "иши" ҳам шундай жиноятларнинг бири.
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси, “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида туманда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида криптовалюта ишлаб чиқариш мақсадида ноқонуний майнинг ферма ташкил қилиш ҳолати аниқланди.
Тадбирда Қўшработ тумани, Қўрғон маҳалласи, Истиқбол қишлоғида яшовчи 1994 йилда туғилган, туман электр тармоқлари корхонаси электромонтёри бўлиб ишлаб келаётган Ш.Х.га тегишли бўлган нотурар бинонинг юқори кучланишли электр тармоғига уланганлиги тадбир иштирокчиларида шубҳа уйғотди. Олиб борилган ўрганишлар натижасида аниқланишича, мазкур нотурар бинода криптовалюта ишлаб чиқариш учун ноқонуний майнинг ферма ташкил қилинган экан. Шунингдек, электр энергияси тармоғига ноқонуний равишда уланиб, ўрнатилган трансформатор пунктида катта юклама мавжудлиги ҳамда суткасига жуда кўп миқдорда электр энергияси талон-торож қилинаётганлиги аниқланди.
Нотурар бино кўздан кечирилганда майнинг ферма учун мўлжалланган жами 64 дона “Antminer L3 S9” моделли қувват манбаи, 5 дона сервер қурилмалари ҳамда 1 дона WI-FI роутер мавжудлиги аниқланиб, ушбу қурилмалар холислар иштирокида расмийлаштирилди.
Ушбу фирмада амалга оширилган ноқонуний хатти-ҳаракатлар оқибатида “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси”га Ш.Х. томонидан етказилган зарар бирламчи ҳисоб-китобларга кўра, 1 млрд. сўмдан ортиқ эканлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида Жиноят кодексининг тегишли бандлари билан жиноят иши қўзғатилмоқда.