Қўзиқориннинг фойдаси катта аммо меъёрдан ортиғи зарар

Ёмғирлар мавсуми бошланди. Кўм-кўк майсалар билан бирга қўзиқоринлар ҳам ердан бош кўтариб кўзимизни қувонтирмоқда. Бу пайтда табиат шайдолари қир-адирларга отланиб, дам олишни ёқтиради. Йўл ёқаларида, дарахтлар тагида ёмғирдан сўнг потирлаб чиққан қўзиқоринларни теришади ва фойдали ёки зарарли эканлигига ҳам қарамай истеъмол қилишади.
Юртимизда қўзиқоринларнинг 200 дан ортиқ тури ўсади, аммо улардан фақат 25 туригина истеъмолга яроқлидир. Айниқса, рангсиз қурбақасалла (поганка), зеленушка, мухомор, қўнғироқдор ва жигарранг липета, моғор замбуруғи, чириндилар ва гўнг уюмларида учрайдиган гўнгсиёҳ замбуруғларни еб бўлмайди.
Янги терилган қўзиқоринлардан тайёрланган тузламалардан ҳам заҳарланиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Уни егандан сўнг 2-10 соат ўтгач, қоринда оғриқ, ич кетиш, қайт қилиш кузатилади. Беморнинг ранги сарғайиб, жигар ва талоғи катталашади. Улар таркибидаги гельвел кислота, гирометрин каби заҳарли моддалар жигар, буйрак, юрак, талоқ ва марказий асаб тизимини ишдан чиқаради.
Жорий йилнинг ўтган 2 ойида вилоятимизда аҳоли ўртасида 3 та овқатдан заҳарланиш ҳолати аниқланди. Заҳарланган 11 нафар фуқародан 2 нафари вафот этган.
Вилоят ДСЭНМ мутахассислари аҳоли ўртасида овқатдан заҳарланиш ва ёввойи қўзиқоринларни истеъмол қилиш оғир оқибатларга олиб келиши юзасидан тарғибот ишлари олиб бормоқда. Деҳқон бозорлари ва кўчаларда сотилаётган қўзиқоринларни истеъмолдан олиб ташлаш борасида кучайтирилган тадбирларда иштирок этмоқда.
Бугунги кунда вилоятимизда кўпчилик тадбиркорлар иссиқхоналарда қўзиқорин етиштириш билан шуғулланади. Уларга ҳам маҳсулотни сифатли ва хавфсизлик талабларига риоя қилинган ҳолда етиштириш лозимлиги уқтирилмоқда.
А.АҲРОРОВ,
вилоят ДСЭНМ овқатланиш
гигиенаси бўлинмаси мудири.