Қозоғистонда илк марта электромобиллар юриши ўтказилади

Қозоғистон пойтахти Нур–Султонда 5 июнь куни умумий 540 км узунликдаги Нур-Султон–Бурабай–Нур-Султон йўналиши бўйлаб электромобиллар юришига старт берилади.
Ушбу тадбир ташкилотчиси Халқаро яшил технологиялар ва инвестиция лойиҳалари маркази – Jasil Jol (Яшил йўл) ташкилотидир.
Тадбирдан олдин ўтказилган брифингда ушбу ташкилот раҳбари Адилбек Басекеев Қозоғистонда электромобилларни кўпайтириш истиқболлари ҳақида гапирди. Унинг фикрича, мамлакат бўйлаб катта йўллар ёқасида электромобилларни қувватлайдиган кўплаб кичик станциялар қурилишини тезлаштириш лозим.
"Ҳозир аҳоли орасида электромобилларни тезроқ оммалаштириш учун аввало, уни қувватлантирадиган кўплаб станциялар керак. Ўтказилаётган ушбу тадбирдан асосий мақсадимиз аҳоли орасида электромобилларни кўпроқ тарғиб қилиш бўлади", деган у.
Шунингдек, тадбир сўнгида турли манфатдор томонлар билан Қозоғистонда электромобилларнинг оммалашуви, жойларда бунга кераклик инфратузилмаларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш ҳам режага киритилган.