Қозоғистонга Назарбоевнинг қизи президент бўладими?

Қозоғистонда 9 июнь куни президентлик сайловлари бўлиб ўтиши кутилади. Мамлакат мустақилликни эълон қилганидан бери бу олтинчи президентлик сайлови ва айни дамда Нурсултон Назарбоев иштирок этмайдиган биринчи президентлик сайлови бўлади.

78 ёшли Нурсултон Назарбоев ўтган март ойида президентлик лавозимидан истеъфога чиқаётганини эълон қилганди. Аммо, кўпгина таҳлилчиларга кўра, бу асло унинг сиёсий саҳнадан кетаётганини англатмайди.

Муваққат президент ваколатларини қабул қилиб олган ва эндиликда сайловларда ғолиб чиқиши кутилаётган Қосимжўмарт Тўқаев Назарбоев сиёсатининг давомчиси деб кўрилади. Тўқаев шу вақтгача Сенат спикери бўлиб хизмат қилиб келган.

Тўқаев президентлик курсисига ўтириши ортидан унинг ўрнини Назарбоевнинг қизи Сенатор Дариға Назарбоева эгаллади. Сиёсий саҳнадаги фаразларга кўра, Назарбоев алал-оқибат ўз қизининг давлат раҳбари бўлиб кўтарилишини режалаган.

9 июнь сайловларида мухолифатчи номзод Амиржон Қосанов ҳам иштирок этади. Аммо, баъзи сайловчиларга кўра, у ҳам Назарбоев "лойиҳа"сининг бир қисми бўлиши мумкин. Айни дамда эркин сайловлар талаби билан норозилик намойишлари бот-бот ўтказилмоқда.