Қум соат

Эрталаб ишга кетамиз, кечроқ қайтамиз, кечки овқат еймиз деймиз, ТВ кўрамиз деймиз, кичкинагина "вақт ўғриси" - телефонимизга ёпишамиз деймиз...
Менга қарармикан, менга сўз қотармикан, менга гапирармикан, менга қулоқ осармикан, менга вақти бўлармикан, деб турган болаларимизга келганда уларнинг биздан кутган эътибор ҳақидаги хохиш-истакларини беаёв чил-парчин қиламиз.
Туғилади, эмаклайди, юради, чопади... боғчага боради, мактабга ўтади... 1-синф, 2-синф... 11-синф... улғаяверади.
Болаларга ота-онамиз бизга қилган эътиборни бераоляпмизми? Болангизга нонни тайёр олиб едирасиз, кийимини темирга солиб ювасиз, овқат-ку тайёр ток ёки газ печида пишади, хатто мактаб баҳосини ҳам "кундалик.ком"да кўрамиз, кўрсак ҳам унда. Умрингизда бир дона рўмолча ҳам тикмагандирсиз болангизга...

Онангиз-чи, сизга нон пишираман деб олисдаги, ҳовли тўридаги омбордан белини букиб лаганда ун олиб келади, уни хамир қилиб қориб, кучи кетади, совуқда дирдираб, иссиқда эса пишиб, тандирнинг аёвсиз тафтида сенга иссиққина нон ёпади. Буни ҳафтада 2-3 бора қилади. Агар тандир ёнида туриб, онангга ёрдам бериш илинжида бор-йўғи нонга чўп урган бўлсанг, шу озгина вақтда қанча совуққотганингни эсла. Хамир қормасангда, бир зумгина эслагинда, онангнинг хамир қориш жараёнидаги ҳаракатларини такрорлаб машқ қилиб кўр-чи, аниқки пишнаб, хансираб қоласан. Кир-чирга ботиб келиб, ечиб ташлаган кийимларингни қадоқ қўлларда оппоқ қилиб ювиб, кидириб қўйган. Нима? Газ йўқ? Хўп, яхши, онамизга ўхшаб бир бора ўчоқда овқат қилиб кўрайликчи, аааа, лаббай... тўғри айтасиз, хатто ўчоқда ўтинни ҳам ёқа олмаймиз...

Сизга пайпоқ, қўлқоп, шарф тўқиган онангиз, ўз қўли билан уст-бош, костюм-шим, куртка тиккан, кўрганлар эса сира ишонишмаган бунинг қўл иши бўлганига.
Сезмаймиз, умр қанчалар югурик-а!?

Қизларимиз меҳмон... қаранг, уларнинг уйимиздаги вақтлари соат сайин, кун сайин худди қум соати каби камайиб бормоқда. Бир келармикан қидириб, рухсат бўлармикан-а, келганда эса бир кун қолармикан-а деб соғиниб, қўмсаб ўтирамиз.
Ўғиллар иш дейди, мансаб дейди, катталар дейди, бошлиғим дейди...., бошлиқман дейди, жўраларим дейди...
Олисда ўтириб, бир келармикан-а, деб кутади ота-онаси, аммо кел дея олмайди, болам сени, болангни соғиндим дея олмайди....
Вақт югурик, умр чопағон...

Ёнингда улғайиб, бўй етаётган ўғил-қизингни сезмаяпсанку, олисда ота-онангнинг кун сайин қариб-қартаяётганини, ажинлари ҳар кўрганингдагиданда ортаётганини, ўзи сенга айтмайдиган, сен эса сўрамайдиган дардлари ортаётганини қайдан ҳам сезасан!?

Шерзод СУВОНҚУЛОВ.