Қушлар кўчиш пайти қоронғуда нотаниш жойларни қандай мўлжалга олади?

Бу жумбоқ узоқ йиллар олимларни қизиқтириб келарди. Яқинда ўтказилган тажриба бу саволга жавоб берди. Аниқланишича, қушлар том маънода Ер магнит майдонини кўришар экан. Магнит куч чизиғи бўйича мўлжал олиш учун қушларда кўришга жавоб берувчи мия қисми ишлайди. Қушларга баланддан нафақат оддий яшил майдонлар, балки Ер магнит майдони ҳам яққол кўринади. Инсон буни қуролланмаган кўз билан кўролмайди.

Агар тадқиқотларга ишониладиган бўлса, бундай қобилият айрим кишиларда ҳам кузатилади. Баданига темир жисмлар – қошиқ, санчқи, пичоқ ёпишиб қолганларни эшитгансиз. Магнит билан даволаш усуллари ҳам мавжуд ва у магнитатерапия дейилади. Магнитатерапия бутун жаҳонда кенг фойдаланилади. Айниқса, Хитой, АҚШ ва Япония машҳур. Уларда 10 миллион киши магнитли кўрпадан фойдаланишади. 50 миллион киши эса магнит билакузук тақади. Бироқ ҳозирги замон тиббиёти магнитнинг шифобахш кучи ҳақида ишончли маълумотларга эга эмас.

Магнитдан даволаш мақсадида қадимдан фойдаланиб келинган. Миср маликаси Клеопатра магнит мунчоқ тақиб юрган ва бу ёшлик, гўзалликни сақлайди, деб ишонган.

Нейрофизиологларнинг кейинги тадқиқотларида инсон миясининг турли қисмлари билан Ер магнит майдони ўртасида чуқур боғлиқлик борлиги аниқланди. Ҳозирда ҳар қадамда “бугун ўзимни жуда ёмон ҳис қиляпман, бу магнит бўронидан бўлса керак", деган нолишни эшитиш мумкин. Бунда жон бор. Аниқланишича, қуёш-хромосфера чақноғи космик кенгликларга улкан магнит зарраларини тарқатади. Ер магнит майдони тартибсиз ўзгаради. Бу магнит бўрони сабабидир.

Магнит майдонининг инсон организмига таъсири қадим-қадимда ҳам маълум бўлган. Магнитнинг шифобахш хусусияти ҳақида Арасту, Плиний ва Вильям Гилберт ёзиб қолдиришган. Ҳозирда магнит майдони, энг аввало асабга, эндокрин ва қон томир тизимига таъсир этиши аниқланган. Унинг таъсирида шартли ва шартсиз рефлекслар тормозланади, қон таркибини ўзгартиради. Шундай экан, бизни магнитли ўзгаришларга сезгисиз, деб бўлмайди.

Кейинги пайтларда магнит бўрони фаоллашгани ҳақида қўрқитувчи хабарлар кўпаймоқда. Гўё инсоният катта-кичикдан тортиб унга маҳкум бўлар эмиш. Одамларни шу тариқа қўрқитувчи манбаларга ишонилса, тез орада зангори сайёрада инфаркт ва инсультга чалинмаган киши қолмайди.

Аммо ундай эмас, дейди япон кардиологи Накагава. Ҳозирги замон турмуш тарзи билан боғлиқ ҳолда Ер магнит майдонининг инсонга таъсири аста-секин заифлашиши сезилади, магнит танқислиги синдроми белгилари кўзга ташланади. Кайфият тушкунлиги, чарчоқ, ланжлик, доимо уйқу босиш, елка, бел ва бўйиннинг зирқираб оғриши, сабабсиз кўкракда оғриқ, бош оғриғи, кўнгил айниш, қорин дам бўлиши, умумий ҳолсизлик ва ҳоказо. “Иммунитет пасайиши ва Ер магнит майдонининг инсон организмига таъсири заифлашиши ўртасида боғлиқлик борлигига ишончим комил”, дейди Накагава. Ушбу боғлиқлик жуда кўп касалликлар, жумладан, ОИТС, қанд касаллигини сунъий яратилган магнит майдони билан даволашда самарали, деб ҳисоблайман.

“Мир новостей” (2020 й, 33-сон) асосида Т.Мурод тайёрлади.