«Радар» ўрнатилган жойда «Радар» йўл белгиси бўлиши шартми?
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 5.43-бандига кўра, “Радар” йўл белгиси — тезликка риоя этилиши радар ёрдамида назорат қилинаётганлигини билдирувчи белги ҳисобланади.
Ушбу йўл белгиси белгиланган ҳаракатланиш тезлиги назоратга олинган барча жойларга ўрнатилиши шарт.
Стационар махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда доимий йўл белгиларини, кўчма махсус техника воситаларидан фойдаланиладиган жойларда эса кўчма устунга вақтинчалик йўл белгиларини ўрнатиш кўзда тутилади.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарорига кўра, ЙПХ ходими ўз хизмат вазифаларини махсус аудио ва видео қайд этиш қурилмалари билан жиҳозланган транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда ошкора усулда амалга оширади.
Йўлларда хизматни яширин олиб бориш тақиқланади.
Кўчма фоторадар ва мобиль комплекслар бириктирилган ЙПХ ходимларининг кунлик дислокацияси бўлиши лозим.