Радарлар тунги вақтларда учар ҳайдовчиларни аниқламоқда
Айни кунларда республикамизда карантин ҳолати ҳукм сурмоқда. Транспорт воситалари учун республика махсус комиссиясининг қарорига кўра, белгиланган ҳудудларда чекловлар ўрнатилган. Чекловлар ўрнатилмаган тақдирда ҳам барча йўл ҳаракати иштирокчилари учун белгиланган қоидалар мавжуд.
“Йўл ҳаракати қоидалари”га кўра, аҳоли яшаш жойларида юқори тезлик чекланганлигини ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган барча ҳайдовчилар ёддан билишади. Билишади-ю, лекин қоидаларга амал қилишмайди. Аҳоли яшаш жойларида айрим ҳайдовчилар транспорт воситасини 130-140-150 км/соатгача бошқарганликларини суратларда ҳам кўришимиз мумкин.
Суратлар айнан шаҳар ҳудудларида ўрнатилган тезлик ўлчовчи радарлардан олинган.
Карантин вақтида транспорт воситалари ҳаракати кўплаб ҳудудларда чекланган бўлишига қарамасдан, айнан ўша ҳудудларда ўзбошимчалик билан транспорт воситасини бошқариб, қоидаларни бузиб, ЙТҲ содир этган ҳайдовчилар ҳамон учрамоқда.
Ижтимоий тармоқларда ЙПХ ходимлари томонидан аҳоли яшаш жойларида ўрнатилган тезлик ўлчовчи радарлар доимо муҳокама остида бўлган. Лекин юқоридаги каби 130-140-150 км/соатгача ҳаракатланадиган учар ҳайдовчилар қачондир, кимнингдир бу дунёдан эрта кўз юмишига сабабчи бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлайдиганлар камайиб бормоқда.
ИИВ ЙҲХББ ҳайдовчилардан йўлларда ҳаракатланганда “Йўл ҳаракати қоидалари”га амал қилишларини, ўзи ва ўзгалар ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраган.