Рамазон – маънавий юксалиш ва эзгулик ойи

Аллоҳ таоло инсонларга шундай улуғ ойни ато этганки, унда яхшилик ва савобли амаллар кўпайтирилади, гуноҳлар кечирилади, инсон маънавий юксалиш ва руҳий покланиш имкониятига эга бўлади.

Рамазон – қалблар софланадиган, юраклар эзгуликка тўлиб-тошадиган, инсон маърифат ва тақвога эришадиган муборак ойдир. Бу ой ҳар бир мусулмон учун Аллоҳга янада яқинлашиш ва ҳаётида янги босқични бошлаш учун буюк имкониятдир.

Бу йилги Рамазон ойи мамлакатимизда беқиёс эзгулик, самимият ва меҳр-мурувват муҳитида ўтмоқда. Юртимизда Рамазонга бўлган эҳтиром тобора ортиб, инсонпарварлик ғоялари янада кенг тарқалмоқда.

Президентимизнинг Рамазон ойи муносабати билан йўллаган табриги халқимиз учун катта маънавий қувонч ва умид бағишлади. Табрикда қайд этилганидек, бу муборак ойда бир-биримизга, айниқса, муҳтожларга, қариялар ва ногиронларга, кам таъминланган оилаларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, жамиятимизда меҳр-оқибат муҳитини янада мустаҳкамлашда катта аҳамиятга эга.

Юртдошларимиз Рамазон ойининг руҳини тўла ҳис қилиши, унинг баракасидан баҳраманд бўлиши учун вилоятимизда ҳам эҳтиёжманд оилалар ва қарияларга, ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ёрдамлар тарқатилмоқда, ифторликлар ташкил қилинмоқда.

Рамазон – нафақат рўза ойи, балки маънавий покланиш фурсатидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) шундай деганлар: "Ким Рамазон ойини иймон ва ихлос билан ўтказса, унинг олдинги гуноҳлари кечирилади."

Шунингдек, Расулуллоҳ (с.а.в) яна шундай ҳадис келтирадилар: "Рамазон келганда, жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади." Бу ойда ҳар бир инсон ўзини тарбия қилиши, гуноҳлардан тийилиши, яхши амалларини янада кўпайтириши керак. Зеро, Рамазон – нафақат очлик ва чанқоқликка бардош бериш ойи, балки сабр ва тақво, ирода ва руҳий тарбия ойидир. Бу ойда Қуръони карим тиловатини кўпайтириш, нафил ибодатлар, дуо ва зикрлар билан Аллоҳ таолога яқинлашиш катта фазилатга эга.

Рамазон ойида мусулмон киши нафақат ўзини тарбия қилиши, балки бошқаларга ҳам яхшилик улашиши керак. Бу ойда кам таъминланган, муҳтож инсонларга саховат кўрсатиш, садақа ва хайрия қилиш – жуда катта савобга эга. Расулуллоҳ (с.а.в) марҳамат қиладилар: "Рамазон ойида ҳар бир яхши амалнинг савоби бошқа ойлардаги савобдан юз карра кўп бўлади."

Бу ойда рўза тутиш, закот бериш, муҳтожларга ёрдам кўрсатиш, қариндошлар ва қўшнилар ҳолидан хабар олиш, инсонларга илиқ муомалада бўлиш, уларнинг хафагарчилигига сабаб бўлмаслик, тилимиз ва қўлларимизни ёмонликдан тийиш бизга улкан мукофот олиб келади.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бу ой – бирдамлик, меҳр-мурувват ва эзгулик ойидир. Биз ҳам бу фурсатдан унумли фойдаланиб, Аллоҳнинг розилигига эришиш учун ҳар кунимизни савобли ва хайрли ишлар билан ўтказишимиз лозим.

Аҳмадхон Алимов,

вилоят бош имом-хатиби.