Рақобатбардош мутахассислар тайёрлай оляпмизми?
Худойназар Юнусов узоқ йиллар Россияда яшаб, олий таълим муассасаларида таҳсил олди, талабаларга дарс берди. Москва давлат университети биология-кимё факультети декани сифатида меҳнат қилаётган профессор 2018 йилда ватанига таклиф қилинди ва шу йилдан Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори вазифасида фаолият юритмоқда. У билан суҳбатимиз олий таълимдаги ислоҳотлар, ютуқ ва камчиликлар ҳақида бўлди.
- Худойназар Бекназарович, кейинги йилларда баъзи йўналишларга кам балл билан ҳам олий таълим муассасаларига талабалар қабул қилиняпти. Шунингдек, табақалаштирилган тўлов контракт асосида ҳам талабгорларни олий таълимда таҳсил олишига имкон яратилди. Бундай ҳолатлар эртага ушбу соҳада мутахассисликни қўлга киритадиган кадрларнинг савиясини тушириб юбормайдими?
- Жуда оғир савол бердингиз, юмшоқ жавоб беришга ҳаракат қиламан. Франция ва бошқа Европа давлатларида ҳужжатни топширсангиз университетга қабул қилади. Ўқишга кириш учун танлов йўқ, лекин ўқиш жараёнида талабга жавоб бермайдиганларни талабалар сафидан чиқаришади. Шунинг учун уларда талабалар сафидан чиқариш ҳолатлари кўп. Бизда мактабда яхши ўқимаган, лекин бошқаларга қараб мен ҳам ўқишга киришим керак, дейдиганлар кўп. Шу тоифадагиларни қайси даражада ўқита олиш имкониятимиз борлигини белгилаб олишимиз керак. Биз уларни ўқитиб, бакалавр даражасига етказа оламизми? Улар эртага ишлаб чиқаришга борганидан кейин қандай мутахассис бўлиб ишлай олади, деган саволларга жавоб топишимиз лозим.
Умумий қилиб айтадиган бўлсам, олий таълим муассасалари олдида битта вазифа бор: соҳани ривожлантириш учун рақобатбардош мутахассислар тайёрлаб бериш. Мутахассис бугун дипломни олганидан кейин эртага ишлайдиган жойида “Бошлиқ, нима қиламан?” деб сўрамаслиги керак. Биринчи иш кунининг компетенцияси деган талаб бор. Бизнинг мутахассисларимиз ўша талабга жавоб берадиган бўлиши керак. Табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқийдиган талабаларни бу даражага олиб чиқиш осон эмас. Аммо менда бу борада бошқа таклиф бор. Бундай талабаларни икки босқич ўқитиб, иш фаолиятини бошлаши учун техникум даражасидаги диплом бериш керак.
Шунингдек, биз икки нарса билан бир вақтда тўқнашдик. Биринчиси, қамраб олиш, яъни хоҳиши бор ёшларни имкон даражада олий таълимда ўқитиш. Иккинчиси, мутахассислар сифатини ошириш. Бу икки вазифани бир вақтда бажариш жуда қийин. Шунинг учун биз бошида қамраб олишни биринчи ўринга қўйдик. Ҳозир қамров 30 фоиздан ошди, 2030 йилга келиб 50 фоиздан ошади. Энди шу қамраб олган талабаларимизнинг барчаси талабга жавоб берадими? Менимча, сифат биринчи ўринга қўйилиши керак.
2018 йилда Самарқанд ветеринария медицинаси институти очилди. Институт университетга айлантирилиб, бугунги кунда таянч олий таълим муассасаси сифатида фаолият олиб боряпти. Шу билан бирга ветеринария медицинаси йўналишида Ўзбекистонда яна тўққизта олий таълим муассасаси талаба қабул қиляпти. Ушбу институт ва университетларда деярли профессорлар ва ўқитадиган база йўқ. Ушбу муаммога ечим топиш мақсадида охирги уч йил ичида ветеринария медицинаси йўналишидаги институтлар учун семинарлар ўтказиб келяпмиз. Уларга “Биз рақобатбардош мутахассислар етиштиришимиз керак, сизда бунга имконият чегараланган. Шунинг учун табаларингизни иккинчи курсдан кейин мутахассислик фанларидан бизнинг университетимизда ўқитишингиз лозим”, деб келяпман.
Биз олдин ветеринария врачини мол дўхтири, деб тушунардик. Лекин ветеринария медицинасининг мутахассиси бугун одамни даволайдиган врачдан кам салоҳиятга эга бўлмаслиги керак. Балки ундан ҳам баланд салоҳиятга эга бўлиши лозим. Сабаби, шифокорга борсак қаеримиз оғриётганини айтиб берамиз. Ҳатто, сабабини ҳам тушунтириб беришимиз мумкин. Бироқ, биз парвариш қиладиган ҳайвонлар қаери оғриётганини айтиб бера олмайди. Ветеринария врачи ҳайвоннинг кўзидан, унинг ҳолати ва ҳаракатидан қаери оғриётганини айтиб бера оладиган салоҳиятга эга бўлиши керак. Мана шу камчиликларимизни тўғрилайдиган бўлсак, ўшанда сифат даражаси юқори бўлади.
- Таълим сифатини ошириш учун олий таълимда қандай ислоҳотлар қилиняпти?
- Таълим сифатини ошириш учун кейинги 2-3 йил ичида олий таълимда тизимли ҳаракатлар бор. Охирги йилларда таянч университетларга ишонч кучайди. Олдин Ўзбекистондаги шароитдан келиб чиқиб олий таълимни ривожлантирган бўлсак, ҳозир қайси йўналиш бўлишидан қатъий назар, хорижий мамлакатлардаги мингталикка, беш юзталикка кирадиган рейтингдаги университетларнинг ўқув режаларини олиб, ўз ўқув режаларимизга мослаштириш топшириляпти. Бундан ташқари, кейинги йилларда олий таълим муассасаларига янги биноларнинг қуриб берилиши, замонавий лабораторияларнинг кириб келиши, профессор ўқитувчиларни ривожланган мамлакатларнинг олий таълим муассасаларига стажировкага бориб келишлари ва ҳоказо.
Олий таълимдаги ислоҳотларнинг натижаси бирданига кўриниб қолмайди. Бугунги бўладиган ислоҳотларнинг натижаси эртага кўринади. 2018 йилда университетимизда мендан бошқа профессор-ўқитувчиларнинг стажировка ҳақида маълумоти ҳам, рейтинг бали ҳам йўқ эди. Бугунги кунда профессор-ўқитувчиларимизнинг юздан ортиғи h-индексига эга бўлди. Элликдан ортиқ профессор-ўқитувчиларимиз ўтган ўқув йилида стажировкаларга бориб келди. Бундан ташқари, бизнинг профессор-ўқитувчиларимиз Ўрта Осиёдаги олий таълим муассасаларига дарс берадиган даражага келди. Бугунги кунда Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги олий таълим муассасаларида профессор-ўқитувчиларимиз онлайн ва офлайн шаклда дарс ўтяпти. Шунингдек, талабалар алмашинуви йўлга қўйилди. Қозоғистон миллий аграр университети, Ғарбий Қозоғистон аграр техника университетидан талабалар келиб, семестр даражасида ўқиб кетишяпти.
- Хорижлик экспертлар биздаги таълим дастурлари анча қолоқлигини тасдиқламоқда. Шунинг учун ҳам бизнинг дипломларимиз хорижий давлатларда тан олинмайди. Жаҳон стандартларига мос кадрлар тайёрлашимиз учун нималар қилишимиз керак?
- Бундай тушунча беш-олти йил олдин бор эди. Биз ўтган йиллардан самарали фойдаландик ва Япония, Корея, Америка, Германия, Италия, Португалия, Россия, Беларусь каби давлатларнинг илғор университетлари ўқув дастурлари билан танишиб, ўзимиздаги ўқув дастурларини мослаштиришга эришдик. Шунинг учун ҳам бизнинг профессор-ўқитувчиларимиз қўшни давлатларнинг олий таълим муассасаларида дарс ўтишяпти. Масалан, Қозоғистон миллий аграр университети 500 талик университетлар қаторига киради. Шунга қарамасдан уларда ветеринариянинг ривожланиши бизнинг университетимизга тенг. Биздаги профессор-ўқитувчилар уларда, уларнинг профессор-ўқитувчилари бизга келиб дарс ўтишяпти. Айни кунда Латвиядан келган профессор талабаларимизга дарс бермоқда. Унинг айтишича, биздаги лаборатория жиҳозлари жаҳон стандартларига мос даражада, ўқув дастурларимиз ҳам худди уларники сингари ишланган экан. Қайси талабангиз тилни яхши биладиган бўлса, биз уни ўқитишга тайёрмиз, деди у. Шунингдек, латвиялик профессор бизнинг талабаларимизда билим олишга хоҳиши баландлигини айтди. Менимча, бугун университетимизнинг дипломини барча давлатлар инобатга олса керак, деб ўйлайман. Сабаби, шу даражага етиб келдик.
- Бугун баъзи талабалар ҳам ўқиб, ҳам ишлайди. Давлатимиз томонидан ҳам талабаларнинг дарсдан кейин ишлашига рухсат берилди. Сизнингча, талаба ишлаши керакми ёки ўқиши?
- Талабалик давримда мен кимё мутахассислигида ўқирдим. Ўқишдан ташқари вақтимда кимё лабораториясида ишлардим. Бу менга жуда катта ёрдам бўлди, чунки дарс ўтишга лаборатория ишларини тайёрлаб қўйишим керак эди. Шунинг учун мен талабалардан бир қадам олдин бўлишим шарт эди. Бундан ташқари, талабалик давримда қоровуллик ҳам қилганман. Ётоқхонага бориб дарс қилсам ҳам, қоровулхонада дарс қилсам ҳам ҳеч нарса йўқотмаслигимни тушуниб етганман. Ота-онамга озгина бўлса ҳам ёрдам қилиш ниятида ҳар бир вақтимдан самарали фойдаланганман.
Тўғриси, мен дуал таълим тарафдориман, албатта, ҳамма йўналишлар учун эмас. Масалан, ветеринария йўналишида дуал таълимни амалга ошириш оғирроқ, лекин зооинженерияда енгил. Зооинженерия йўналишида ҳайвонлар технологияси билан шуғулланадиган талабалар кўпроқ объектнинг олдида бўлиши керак. Назариядан ўқитишимизда муаммо йўқ, аммо амалиётда бўлишлари яхши бўлади. Оддий жавобим талаба ҳам ўқиб, ҳам ишлаши керак.
- Баъзида олий таълим муассасаларида айримлар илмий иш қилмасдан сотиб олинган диссертацияни ҳимоя қилганини эшитиб қоляпмиз. Бундай кўзбўямачиликларнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
- Мен ушбу лавозимда иш бошлаган пайтим, яъни 2018 йилнинг май ойда магистратура талабаларига битирув ишлари бошланган экан. Ҳимояга қатнашиб, магистр диссертациясини очиб қарасам, кириш қисмида “КПССнинг 28-съездида кўрсатилган талабларга нисбатан...” деган жумлаларни ўқиб, қўрқиб кетдим. Кечирасиз, мустақиллигимизга 27 йил бўлган бўлса, нима учун ҳалигача шу нарса ўзгармади, деб сўрадим. Ҳамкасблар билан биргаликда юқори даражали талабга жавоб берадиган замонавий жиҳозларни ишлатадиган магистр диссертацияларини ҳимояга қўймасдан, балки оддий, кузатиб борса бўладиган, ўзлари натижасини кўриб ҳимоя қила оладиган диссертацияларни ҳимояга қўйишга келишиб олдик.
Бугун мен университет жамоасидан жуда ҳам миннатдорман. Биласизлар, ўтган йилларда тизимда қанча хатоликлар бўлганини. Шу хатоликлар ичида яшаб келган ҳамкасбларимиз тубдан ўзгарди. Шунинг учун бизда юқорида айтилган кўчирма ҳимоялар ва ҳоказолар, ўйлайманки, тарихда қолди. Биз магистр ва докторантларимизга енгиллик бўлиши учун жаҳон миқёсида ўзининг самарасини кўрсатган лойиҳадан фойдаланишни лозим, деб билдик. Бундан 70 йиллар аввал университетларнинг тез ўзгариши кўзда тутилган бизнес-инкубатор деган лойиҳа киритилган эди. Шу лойиҳа асосида 500 таликка кирадиган университетлар ўзларини тиклаб олди. Биз шу бизнес-инкубатор лойиҳасига илмий бизнес-инкубатор деган нарсани қўшдик ва 2023 йилнинг июль ойидан лойиҳани бошладик. Лойиҳа доирасида виварий лабораториямизга 14 турдаги қишлоқ хўжалик ҳайвонларининг назорат гуруҳини олиб келдик ва бир йўла икки нарсага эришдик. Биринчидан, бизда илмий ишларни олиб борадиган барча ҳамкасбларимиз назорат гуруҳидаги лабораториядан фойдаланиш имкониятига эга бўлди ва тажриба гуруҳи учун хўжаликлар билан шартномалар тузиб, хўжаликларга ҳам хизмат кўрсатишни бошладик. Иккинчи ютуғимиз, жонли ўтадиган дарсларимизни лабораторияларда ўтадиган бўлдик. Бундай дарслар талабаларда қизиқиш пайдо қилди.
- Кейинги йилларда олий таълим муассасаларида коррупцион ҳолатлар анча камайди, аммо талабалар кредит-модул тизимидан норози. Уларнинг фикрича, кредит-модул тизими талабадан пул ундиришнинг замонавий усули эмиш. Шунинг учун аъло баҳоларга ўқийдиган талабалар ҳам имтиҳондан йиқилаётганмиш. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?
- Кредит-модул тизими энг яхши хорижий мамлакатларнинг ривожланишига сабаб бўлди. Кредит-модул тизими ҳақиқатда талабаларнинг тушунганидек бўлганида, бу тизим ишлаб кета олмасди. Талабаларнинг бундай хулосага келишига кредит-модул тизимини ҳали охиригача етиб тушунмаганлигимиз сабаб бўлиши мумкин. Биз тўлақонли кредит-модул тизимини ишлатамиз деганимиз билан ишлата олмаймиз. Сабаби, бу ўзимизнинг менталитетимизга борлиқ.
Кредит-модул тизимининг талабига кўра, талаба мустақил ўқийди. Профессор-ўқитувчи жадвалга қўйилган дарс соатига кўра, белгиланган вақтда аудиторияга келиб талабаларни кутиб ўтиради. Талабага дарс керак бўлса келиб ўқийди, ўзлаштиришини тушунган талаба келмаса ҳам ўқиб кетаверади, фақатгина охирида шу модулни ўтиб, кредитини ололса бўлди. Бизда жараён бошқача. Талабаларни ёмонламоқчи эмасман, улар ҳали бу тизимни тушуниб ета олгани йўқ.
Биз ушбуларни ҳисобга олган ҳолда талабаларга имкон қадар ёрдам беряпмиз. Авваллари имтиҳондан ўтолмаганларга иккинчи ведомост, учинчи ведомост қўлланиларди. Энди кредит-модул бўлганидан кейин бу тизим йўқ, лекин талабаларнинг тарафини олган ҳолда улардан яна бир марта имтиҳон олишни ҳар бир кафедрага топшириқ берганман. Агар шу имкониятдан ҳам фойдалана олмаса, учинчи семестрга қолади.
Масаланинг иккинчи томони ҳам бор, ҳамкасбларим бу гапимдан хафа бўлишмасин. Масалан, мен гуруҳдаги ўттиз нафар талабага дарс ўтсам, фаним тугагач, имтиҳондан барча талаба йиқилса, бу кимнинг айби бўлади? Уларнинг лоақал 50 фоизи имтиҳондан ўтолмаса, демак, билимим унчалик юқори эмас экан, деб хулоса қиламан ва ўз устимда қаттиқроқ ишлайман. Кредит-модул тизимининг ичига кириб, тўғри ишлата олсак, муаммо ўзидан ўзи ечилиб кетади. Бунинг учун озроқ вақт керак.
Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.