Республикамизнинг чекка туманларидаги МТМлар биринчи навбатда ривожлантирувчи материаллар билан таъминланади

Ўзбекистон мактабгача таълим вазирлиги сайтида хабар берилишича, илк бор республикадаги барча мактабгача таълим муассасаларига ривожлантирувчи босма материаллар бепул тақдим этилади.

Ўқув-услубий тўплам таркибига ҳуснихат дафтарлари, мавзуга оид режалаштириш бўйича журналлар, болаларнинг турли ёшдаги гуруҳлари учун карточка ва плакатлар киради.

2018 йил декабрь ойи охирида Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги пойтахтимиз ва бошқа ҳудудлардаги мактабгача таълим муассасаларини ўзбек ва рус тилларидаги бепул босма материаллари билан таъминлаш бўйича кенг кўламли дастурни бошлади. Лойиҳага жалб этилган инвестициялар миқдори 8 млрд. сўмни ташкил этди. 2019 йилнинг январь ойи якунига қадар мактабгача таълим муассасаларига 270 мингта ҳуснихат учун дафтарлар, 18 мингта карточкалар тўпламлари, 10 мингта плакатлар тўплами етказиб берилади. Тарбиячиларга болалар билан машғулотларни ташкил этиши учун мавзуга оид режалаштириш бўйича журналлар тақдим этилади.

“Ишлаб чиқарилган босма маҳсулот республиканинг барча мактабгача таълим муассасаларига етказиб берилади. Карточкаларнинг бир тўплами мебель, кийим-бош, ҳайвонот олами, транспорт, сабзавотлар, бўғинлар, рақамлар ва бошқа турли мавзулардаги 27та кичик тўпламлардан иборат. Ўхшаш тартибда плакатлар тўплами ҳам йиғилган бўлиб, у чолғу асбоблари, йўл ҳаракати қоидалари, касблар, йил фасллари каби ва бошқамавзуга оид 20та плакатлар тўпламини ўз ичига олади. Республиканинг ҳар бир мактабгача таълим муассасасига унинг катталигига боғлиқ ҳолда 1 дан 3 тагача тўпламлар ажратиб берилади, бу эса гуруҳлар ўртасида кичик тўпламларнинг вақти-вақти билан алмашиниши шарти билан 100 фоиз болаларни ривожлантирувчи босма маҳсулот билан таъминлаб беради. Мактабгача таълим муассасасининг ҳар бир 6 ёшли тарбияланувчиси ҳуснихатга эга бўлади. Мактабгача таълим вазирлиги таъкидлашича, ота-оналар шуни ёдда тутиши керакки, барча материаллар бепул асосда тақдим этилади. Мактабгача таълим муассасаси маъмурияти томонидан суиистеъмоллик ҳолатларига йўл қўйилган ҳолда, бу ҳақда қуйидаги телефон рақами орқали хабар беришингизни сўраймиз: +99871 215-52-79”, — дейди Мактабгача таълим вазирлиги Сифат назорати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Виталий Ким.

Фото: Мактабгача таълим вазирлиги

Биринчи навбатда, республиканинг қишлоқ ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасалари босма материаллар билан таъминланиб, ушбу ҳолат уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш имконини беради. Вилоятлардаги мактабгача таълим муассасаларига ҳуснихатларнинг 83 фоизи, плакатларнинг 90 фоизи ва ривожлантирувчи карточкаларнинг 89 фоизи етказиб берилади. Қўлланмалар майда моторикани, эътиборни, фикрлаш ва тасаввур этишни ривожлантириш учун мўлжалланган вазифалардан, шунингдек, боланинг қўлини хатга тайёрловчи анъанавий машқлардан ва мантиқий вазифалардан иборат. Ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги ранг-баранг карточкалар билиш жараёнларини фаоллаштиришга ҳамда бардош, тоқат, юқори натижаларга эришишга интилиш ҳиссиётларини кучайтиришга ёрдам беради.

Келгуси йилда мактабгача таълим муассасалари учун босма маҳсулот ва ўйинчоқларни ишлаб чиқаришга 25 млрд. сўм йўналтириш режалаштирилмоқда.

Манба: Xabar.uz