Ревматизм болаларда қандай асоратларни келтириб чиқариши мумкин?

Қиш мавсуми — қатор мавсумий касалликлар авж оладиган давр. Ревматизм — шулардан бири. Бу хасталикка кўпроқ мактаб ёшидаги болалар чалинади ва у ўғил-қизларда катталарга нисбатан оғир кечади.

Хўш, ревматизм қандай пайдо бўлади? Уни келтириб чиқарувчи омиллар қайсилар? Касалликнинг асосий белгилари, асоратлари нималардан иборат?

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг болалар бош кардиологи Бунёд Акбархонов ушбу саволларга жавоб берди.

— Оёқда ўтказилган сурункали тонзиллит — касалликни келтириб чиқарувчи энг асосий омил, — дейди мутахассис. — Яъни тез-тез томоғи оғриб турадиган болалар ангинаси ўз вақтида даволанмаса, 10-14 кун ўтиб, уларда ревматизм ривожланиши мумкин.

Касалликнинг ўткир шаклида ангинадан тузалган беморни маълум муддат ўтиб, яна юқори ҳарорат безовта қилади. Тирсак, билак-кафт усти, тизза, болдир-оёқ панжаси бўғимлари ва танасининг бошқа қисмлари қизариб, шишади.
10-12 кун ўтгач, полиартритга хос барча симптомлар йўқолади. Бироқ мазкур ҳолат вақтинчалик бўлиб, хасталик чоғида юракнинг мушак қавати, клапанлари, ташқи пардаси зарарланади. Бу эса юрак нуқсонига олиб келиши мумкин.

Ревматизм бошқа аъзо ва тўқималар, масалан, нерв тизимида ҳам жиддий асоратларни келтириб чиқариши хавфи юқори. Бунда боланинг оёқ-қўллари учиб туради, ўта қўзғалувчанлик, тез толиқиш кузатилади.

Хасталикнинг ўткир босқичида бемор, одатда, шифохонада даволанади. Стационардан чиққандан сўнг ҳам узоқ вақт шифокор кузатувида бўлади.

Ҳолсизланиш, тез чарчаш, рангпарлик, иштаҳа пасайиши, кечқурун тана ҳарорати кўтарилиши, баъзан бош оғриғи, юрак ўйнаши, ҳансираш, бўғимлар соҳасидаги тери остида майда, қаттиқ ва оғриқсиз “ревматик тугунчалар” ҳамда пушти, ҳалқасимон тошмалар ревматизмга хос аломатлардир.

Бу касалликдан асаб тизими шикастланганда, боланинг кайфияти ва хулқ-атвори ўзгариб, беҳаловат, эътиборсиз ва сержаҳл бўлиб қолади. Унинг хотираси пасаяди.

Бемор беихтиёр тартибсиз, беўхшов ҳаракатлар қилади. Кўзлари пириллаб, юз мушаклари тортилади. Натижада у ўзи мустақил кийиниб-ечина ва овқатлана олмайди. Шунингдек, туртиниб-суртиниб юра бошлайди.

Қайталама ревматизм даврида организмда иммунологик ва биокимёвий бузилишлар кузатилади, юракда яллиғланиш жараёни кучаяди.
Ревматизмга фақат мутахассис томонидан тегишли текширувлардан сўнг аниқ ташхис қўйилиши мумкин. Агар ўз вақтида шифокорга мурожаат қилинса, беморни муваффақиятли даволаса бўлади, дея хабар қилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги.