Россия АҚШ ҳарбий денгиз кучлари авиаташувчиларига таҳдид солмоқда
Россия ва Хитойнинг янги ракеталари АҚШ авиаташувчиларига "ҳақиқий хавф" туғдириши мумкин, деб ёзди Business Insider нашри.
2020 йил декабрь ойида Россия тезлиги саккиз махга етадиган "Циркон" гипертовушли қанотли ракетасини учинчи бор синовдан ўтказди. Ёзда эса Хитой Жанубий Хитой денгизида иккита баллистик ракета учирди. Маҳаллий мутахассисларнинг фикрига кўра, бу - Пекиннинг кемаларга қарши узоқ масофага мўлжалланган баллистик ракеталари синовининг биринчи машҳур намойиши бўлди.
«Ўтказилган синовлар - кўп вақтдан бери ўзини «денгиз ҳукмдори» ҳисоблаб келган АҚШ авиаташувчиларига нисбатан таҳдид солинаётганининг исботидир», дейилади нашрда.
Мақолада таъкидланганидек, «совуқ уруш» тугаши ва Совет Иттифоқи қулаши билан Америка авиаташувчиларининг устунлиги яна ҳам кафолатлангандек бўлди. Чунки 1990 йиллардан бери Америка Қўшма Штатлари тортилган можароларда авиаташувчи гуруҳлар муҳим рол ўйнар эди. Бироқ муаллифнинг сўзларига кўра, зиддият ўтгач, ўрнатилган "тартиб" аста-секин эътирозларга сабаб бўла бошлади.
Гипертовушли ракеталарнинг ўта тезлиги ракетага қарши мудофаа самарасини йўққа чиқариши авиаташувчилар учун жиддий хавф туғдиради. Шунингдек, ракета парвоз йўлини тезлик билан ўзгартириш қобилияти уларни қайтаришга деярли имкон қолдирмайди.
Хуллас, "Россия ва Хитойда кемаларга қарши янги қуролларининг ҳақиқий имкониятлари ҳали номаълум. Аммо яқинда ўтказилган синовлар АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг авиаташувчилари тез орада ўзларининг устунлигини йўқотишини исботламоқда", дея хулоса қилади муаллиф.
Г.Холдорова тайёрлади.