Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Россия барча мамлакатлар билан авиапарвозларни тўхтатишни режалаштирмоқда

Давлат думаси депутати Иван Сухарев Буюк Британияда COVID-19нинг янги штамми аниқлангани сабабли барча мамлакатлар билан парвозларни тўхтатиш тўғрисида таклиф билан чиқди. Бош вазир Михаил Мишустин номига юборилган хат мазмуни RT томонидан келтирилган.

Депутат Буюк Британия ва бошқа баъзи мамлакатларда янги коронавирус тури пайдо бўлгани, шу муносабат билан кўплаб давлатлар, жумладан, Россия ҳам Буюк Британияга фуқаролик авиапарвозларини чеклашга қарор қилганини таъкидлади.

Россия ҳудудида янги штамм тарқалишининг олдини олиш учун Сухарев бош вазирдан барча хорижий давлатлар билан вақтинча ҳаво қатновини тўхтатиш имкониятини кўриб чиқишни илтимос қилди.

Аввалроқ «Роспотребнадзор» раҳбари Анна Попова Россияда айни пайтда коронавируснинг 1424 мутацияси қайд этилгани, аммо Британиядаги штамм топилмагани ҳақида айтган эди. Ушбу мутацияларнинг ҳеч бири вирус хусусиятлари ўзгариши билан боғлиқ эмас, деди у. Унинг таъкидлашича, "британ" мутацияси сезгир организм ҳужайралари бирикишига масъул бўлган оқсил бирикмалари билан боғланган.

Коронавируснинг хавфли мутацияси Буюк Британияда сентябрь ойида аниқланган эди. Айни пайтда ушбу штаммни мингга яқин юқтириш ҳолатлари аниқланди. Худди шу мутация кейинчалик Дания, Голландия ва Жанубий Африкада аниқланди. Британиялик олимлар коронавируснинг ушбу тури жуда тез тарқалишини тушунтиришди.

Айни пайтда дунёнинг 20 дан ортиқ давлатлари, жумладан, Россия Буюк Британия билан транспорт алоқаларини тўхтатишини эълон қилди.