Россия ишчи кучи танқислигини бартараф қилиш учун Ўзбекистон, Тожикистон ва Украинадан келган мигрантлар оқимини кутмоқда
Россиядаги мигрантлар сони йил давомида тахминан ярмига камайди. Бу ҳақда РИА Новости агентлигига ИИВ хабар берди.
Агентликнинг ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда мамлакатда 6 миллионга яқин мигрант бор. Шулардан бир миллионга яқин киши вақтинча ёки доимий яшаш учун рухсатномага эга, дея аниқлик киритди вазирлик.
15 декабрь куни Россиянинг қурилиш вазирлиги ва уй-жой коммунал хўжалиги мигрантлар етишмаслиги сабабли, уларни қурилиш майдонларида ишга жойлаштиришнинг янги усулини таклиф қилди. Яъни, “гастрабайтер”лар учун барча жавобгарликни уларни олиб келувчи ташкилотларга юклаш таклиф қилинган. Қурилиш майдонларида ишчилар етишмаслиги ҳақида аллақачон Россиянинг 50 та вилояти хабар берган. Бу ишчи кучига эҳтиёж 190 минг кишини ташкил этади, дегани. Вазирлик ишчи кучи танқислигини бартараф қилиш учун Ўзбекистон, Тожикистон ва Украинадан келган мигрантлар оқимини кутмоқда.
Хуллас, Россиянинг катта шаҳарларидан мигрантларнинг оммавий чиқиб кетгани боис кўп корхоналарда ишчи кучи танқислиги муаммога айланган. Айниқса, қурилиш, товар етказиб бериш, маиший хизмат каби соҳаларда ишчилар етишмаётгани, оқибатда мижозларнинг шикоят ва эътирози кўпайиб бораётгани ҳақида октябрь ойида ҳам хабар тарқалган эди.
«Авито.Работа» аналитик маркази экспертлари тақдим этган хулосага кўра, москваликларнинг деярли учдан бир қисми (28 фоизи) меҳнат мигрантларини сиқиб чиқаришга тайёр ва уларнинг ўрнига фаррош ёки қурувчи сифатида ишлашга «шай». Хуллас, Москва аҳолисининг ярми иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун мигрантлар оқими керак эмаслигига амин бўлишган.