Россия коинотдаги хавфли хатти-ҳаракатларда айбланмоқда

Европа давлатлари Россияни коинотдаги хавфли ва масъулиятсиз хатти-ҳаракатларда айбламоқда.

Буюк Британия Мудофаа вазири Бен Уоллеснинг айтишича, Россия Федерацияси коинот хавфсизлигини эътиборсиз қолдириб, сунъий йўлдошлар ва космик кемаларга таҳдид солмоқда. Унинг сўзларига кўра, Россия сунъий йўлдошга қарши қуролларни синовдан ўтказган ва бунинг натижасида Ер орбитасида потенциал хавфли космик чиқинди ҳосил бўлган.

"Россия томонидан сунъий йўлдошга қарши ракетанинг ҳалокатли синови коинотдаги хавфсизлик ва узоқ муддатли барқарорликка тўлиқ бефарқлигини кўрсатади. Синов натижасида ҳосил бўлган қолдиқлар орбитада қолиб, кўп йиллар давомида сунъий йўлдош ва бошқариладиган космик кемаларга таҳдид солади", - дейди вазир.

АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс ҳам Россия Халқаро космик станция (ХКС) учун хавф туғдирувчи сунъий йўлдошга қарши қуролларни синовдан ўтказганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, синов натижасида кузатув остидаги 1500 дан ортиқ турли парчалар ва юз минглаб кичикроқ космик чиқинди пайдо бўлган. Бу ҳозирда барча мамлакат манфаати ва космик станциядаги одамларга таҳдид солмоқда.

"Россиянинг коинотдаги хавфли ва масъулиятсиз хатти-ҳаракати унинг коинотда қурол-яроғ жойлаштирилишига қарши эканининг носамимийлиги ва иккиюзламачилигини яққол кўрсатиб турибди. Қўшма Штатлар иттифоқчи ва ҳамкорлар билан биргаликда бундай масъулиятиз ҳаракатларга жавоб чораларини кўради", - деди Давлат департаменти матбуот котиби.

Пентагон АҚШ Давлат департаментининг хавотирларига шерик эканини билдирди. АҚШ ҳарбий департаментининг расмий вакили Жон Кирбининг таъкидлашича, АҚШ космосни тадқиқ қилишда бутун дунё ҳамжамиятига универсал нормалар ишлаб чиқиш тарафдори.

НАСА космик станциядаги экипажни космик кемаларга ўтишига мажбур қилган космик чиқиндилар ҳодисаси ҳақида маълумот йиғаётганини айтди.

Бугун «Роскосмос» бош директори Дмитрий Рогозин Москвага келган НАСА вакиллари билан учрашув ўтказади, унда бошқа масалалар қатори ХКСнинг космик чиқиндилар билан тўқнашуви масаласи ҳам муҳокама қилинади.