Россияда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлаш хизмати ишга туширилди
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш халқаро ассоциацияси (Россия) ҳамкорлигида карантин даврида Россия Федерациясида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларини иш билан таъминлашга кўмаклашувчи хизмат жорий йил апрель ойи бошида синов режимида иш бошлаб, 20 апрелдан тўлиқ ишга тушди.
Ўтган давр мобайнида ишлаш учун мурожаат қилган 400 нафарга яқин фуқародан 80 нафари иш билан таъминланди.
Салоҳиятли иш берувчилар ва ишлаш истагидаги хорижий фуқаролар ўртасида алоқани таъминлаш учун кўп тилли колл-центр ва тегишли маълумот каналлари яратилди. Каналларда мавжуд бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилмоқда. Колл-центр саволларга жавоб беради ва ишга жойлашиш учун аризаларни қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, коронавирус туфайли 2020 йил 18 апрелдан бошлаб Россиядаги меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари кенгайтирилган: 2020 йил 15 июнгача фуқаролиги, визаси, ишлаш учун рухсатнома ва патенти йўқ шахслар рўйхатга олинган жойидан қатъи назар Россия Федерациясининг исталган жойида ишлаши мумкин.
Бу бўйича коронавирус инфекцияси кенг тарқалиши хавфи муносабати билан Россия Федерацияси Президентининг тегишли фармони қабул қилинган.
Бироқ ушбу чораларга қарамай, россиялик иш берувчилар иқтисодиётнинг пасайиши ва патентсиз ишчилар сабабли маъмурий жарималар тўлашнинг олдини олиш учун чет эл фуқароларини ишга олишга эҳтиёткорлик билан қарамоқда. Шу ўринда ишчи мигрантлар ҳам ишончсиз иш берувчилар томонидан алданиб қолиш эҳтимолидан хавотирда.
Таъкидлаш жоизки, 2020 йил 15 мартгача Россия Федерацияси миграция қонунларига риоя қилган ва мамлакатда қонуний бўлиб турган чет эл фуқаролари ушбу хизматдан фойдаланган ҳолда иш билан таъминланиш имкониятига эга.
Ҳозирги босқичда ахборот ресурсларида асосан қадоқлаш (фасовщик), юкларни жойлаштириш (комплектовщик) ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида бўш иш ўринлари рўйхати тақдим этилган. Текширилган бўш иш ўринлари сонини кўпайтириш бўйича ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Шу ва бошқа долзарб хабарлар билан танишиб бориш учун фуқаролардан қуйидаги информацион каналларни кузатиб боришларини сўраймиз:
Работа в России: https://t.me/ish_ru
Меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш халқаро ассоциацияси: https://t.me/legalmigrant
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги: https://t.me/migratsiyaagentligi
Барча саволлар ва таклифлар учун
☎️Колл-центр: + 7 (499) 430 00 87
⌨️Телеграм бот: @Ish_bor_Rossiya_bot