Россияда мигрантлар ҳарбий рўйхатдан ўтишга мажбур қилинмоқда
Полиция Санкт-Петербург жанубида ўтказган икки кунлик рейд давомида Россия фуқаролигига эга бўлган, ҳарбий рўйхатда бўлмаган 100 дан ортиқ муҳожирни аниқлади, уларнинг барчаси ҳарбий хизматга қабул қилиш бўлимига олиб кетилган.
Бу ҳақда Россия ИИВ Санкт-Петербург бош бошқармаси матбуот хизматига таяниб, ОАВ хабар бермоқда.
Миграция рейдларида янги вариант қўлланилмоқда: полиция Россия фуқаролигини олган муҳожирлар билан "учрашади" ва ҳарбий хизмат мажбурияти ҳақида қўшимча маълумот бериш имкониятини қўлдан бой бермайди".
Бундан ташқари, “Коммерсант” хабарига кўра, ФСБнинг ходимлари Чебоксари ва Новочебоксарскда Марказий Осиё давлатларидан келган, Россия фуқаролигини олган, аммо ҳарбий рўйхатдан ўтмаган ўнлаб одамни аниқлашган.
Россия фуқаролигини олгандан сўнг икки ҳафта ичида ҳарбий рўйхатдан ўтилиши керак. Нафақат ҳарбий хизматга мажбур бўлганлар, балки барча эркаклар, жумладан соғлиғида муаммолар бўлганлар ва ҳарбий хизматдан озод қилинганлар ҳам ҳарбий рўйхатга олиниши керак.