Россияда оғир тан жароҳати олган юртдошимиз Самарқандга олиб келинди
Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Санкт-Петербург шаҳридаги ваколатхонасига асли самарқандлик С.Б.дан уни Ўзбекистонга қайтаришда амалий ёрдам сўраб мурожаати келиб тушган.
Мазкур мурожаат бўйича мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда ваколатхона ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганда, фуқаро С.Б. 2020 йил 13 сентябрда вақтинчалик ишлаш учун Россия Федерациясига кетганлиги ва жорий йилнинг 29 октябрь куни бахтсиз ҳодиса оқибатида баландликдан йиқилиб, умуртқа поғонасидан оғир тан жароҳати олганлиги аниқланди.
Кеча, 27 декабрь куни С.Б. шифокор назоратида "Москва – Тошкент" авиарейси орқали Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистонга олиб келинди.
Тошкент халқаро аэропортида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази масъул ходимлари ва фуқаронинг яқин қариндошлари кутиб олди. Яқин қариндошлари ҳамроҳлигида Самарқандга кузатиб қўйилди. (https://t.me/migratsiyaagentligi/4592)