Россияда қийин аҳволда қолган фуқаро Ўзбекистонга қайтарилди

Р.А. 2020 йилнинг февраль ойида Россияга вақтинчалик ишлаш учун бориб, ҳозирги вақтгача қонуний ишлаган.

Жорий йил июнь ойида иш жараёнида эҳтиётсизлиги сабаб бахтсиз ҳодисага учраб, оғир тан жароҳати олади ва чап қўл бармоқларидан айрилади. Жароҳат туфайли меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолади.

Россия Федерациясида даволаниш учун етарлича маблағи бўлмаган Р.А. ватанга қайтиш учун ёрдам сўраб Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Санкт-Петербург шаҳридаги вакиллигига мурожаат қилади.

Вакилликнинг саъй-ҳаракатлари билан Р.А.га Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан авиачипта олиб берилиб, Санкт-Петербург – Тошкент йўналишидаги авиарейс орқали Ўзбекистонга қайтарилди.