Сабзавот экинларини аномал совуқдан қандай сақлаш керак?

Деҳқон ва фермерлар боғ оралиғи ёки очиқ майдонларга август-сентябрь ойларида тўқсонбости усулида пиёз, саримсоқпиёз каби сабзавот экинлари экишган. Ушбу экинларни ноодатий совуқдан асраш учун экин майдонлари устини плёнка қопламалари билан қоплаш, чириган гўнг, шоли қипиғи ва апилка билан мўлчалаш, сомон ёки майин хашакларни ўсимлик устига ёйиб чиқиш тавсия этилади.

Шу билан бирга сабзавотлар экилган дала майдонини шамол оқимига қараб олов ёқиб тутатиш ҳам фойда беради.

Тўқсонбости усулида экилган сабзавот экинларидан сабзи, пиёз, ош лавлаги, кўкат сабзавотлар (исмалоқ, укроп, петрушка, сельдерей, кашнич, салат) экинлари уруғлари ҳали ердан униб чиқмаган ва совуқ зарарлаш эҳтимоли жуда паст даражада.

Қишки совуқ ва нам об-ҳаво шароитида сабзавот экинларига салбий таъсирининг олдини олиш, иссиқхоналарда помидор ва бодринг етиштиришда иншоот ҳаво ҳарорати ўсимликлар учун мос бўлиши лозим. Иссиқхоналарда бодринг учун мақбул ҳарорат кундузи 20-24 даража, кечқурун 18-20 даража ҳисобланади. Ўсимликнинг нормал ўсиб ривожланиши учун ҳарорат 12-15 даража бўлиши керак.

Ҳарорат 30 даража иссиқ бўлса, ўсимликка салбий таъсир кўрсатади. Аммо 6-8 даражада ўсимлик ўсишдан тўхтайди, барглари сарғаяди ва найчалари тўкила бошлайди. Ҳарорат 0 даражага тушганда ўсимлик нобуд бўлади.

Иссиқхонада помидор етиштиришда мақбул ҳарорат +22+27 даража. Ҳарорат +15 дан пасайса гуллаш тўхтайди, +7 дан пасайса, илдиз тизими нобуд бўлади ва -1-2 даража совуқда ўсимлик нобуд бўлади. Иссиқхоналарда тутатиш 2-3 даража иссиқлик бериши тажрибаларда аниқланган.

Совуқ тушишининг энг критик вақти бу тонгги соат 3-5 оралиғида бўлиб, айнан шу вақтда ўсимлик совуқдан зарарланади, бу вақтда ҳушёрликни ошириш талаб этилади.

Содиқ Мамасолиев,

вилоят агрохизматлар маркази директори.