Самарқанд шаҳрида йиллик қуввати 492 минг тонна маҳсулот тайёрлайдиган, 1200 иш ўринли агрологистика маркази ташкил этилади

Вазирлик ахборот хизмати хабарига кўра, “Rungis Semmaris” компаниясининг иштироки билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда ягона бўлган, юқори халқаро стандартларга мувофиқ, саккизта йирик агрологистика марказлар тармоғини яратиш ва бошқариш лойиҳаси амалга оширишни режалаштирмоқда.

Ҳар бир агрологистика марказида барча зарур объектлар жамланади. Булар: кросс-доклар, савдо павильонлари, меҳмонхоналар, тижорат банклари ҳамда хизматлар, саралаш, калибрлаш, қуритиш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, етказиб бериш, божхона расмийлаштируви, карантин, озиқ-овқат хавфсизлигини сертификатлаш, мутахассислар маслаҳатлари бошқалар жамланади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, саккизта агрологистика марказлари базасида қарийб 10 мингга яқин янги иш ўринлари яратилади. Айнан 70-100 гектар (йиллик қуввати 760 минг тонна) бўлган Тошкент агрологистика маркази ҳудудида 3 мингдан ортиқ иш ўринлари, майдони 22 гектар бўлган Самарқанд шаҳар агрологистика марказида (йиллик қуввати 492 минг тонна) 1200 та иш ўринлари ҳамда 18 гектар майдонни эгаллаган (йиллик қуввати 410 минг тонна) Андижон агро марказида 1200 иш ўринлари, 15 гектар майдонни эгаллайдиган Бухоро агро маркази (йиллик қуввати 200 минг тонна), шунингдек, 10 гектар майдонга эга Хоразм агро маркази (йиллик қуввати 200 минг тонна) негизида 680 тадан иш жойини ташкил этиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, Фарғона вилоятидаги 15 гектар майдондаги агро марказда (қуввати 300 минг) ва Сурхондарё вилоятидаги 20 гектарлик агро марказда (йиллик қуввати 300 минг тонна) 800 тадан иш ўринлари яратилади.