Саккокий: “Жаҳондин кетти ташвишу мабодойи амон келди”
Ушбу мақоламизда ўз даври шеъриятининг истеъдодли вакилларидан бири бўлган Саккокийнинг Улуғбек даврида Самарқанддаги фаолияти ҳақида сўз юритамиз.
Темурийлар даврида Самарқанд ва Ҳирот шаҳарлари йирик маданият илм-фан марказига айланди. Темурийлар наслидан Мирзо Улуғбек замонига келиб мамлакатда математика, астрономия фанлари ривожланди. Тиббиёт, тарих, адабиёт ва диний билимларга эътибор берилди. Бухоро, Самарқанд, Ғиждувонда мадрасалар қурилди. Худди шу даврда адабиёт соҳасида Атоий, Саккокий, Ҳайдар Хоразмий, Дурбек, Лутфийларнинг қимматли асарлари яратилди. Улар орасида алоҳида эътиборга молик шоир - Улуғбек мадрасасида фаолият кўрсатган, ўзбек мумтоз адабиётида ёрқин из қолдира олган, бетакрор ғазаллар ва қасидалар яратган етук истеъдод эгаси – Саккокийдир. У ўз қасидалари орқали Мирзо Улуғбек назарига тушган бетакрор қалам соҳиби эди.
Саккокийнинг таржимаи ҳоли тўғрисида ўзининг девони ва Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» ва «Хутбаи давовин» асарларидан баъзи бир маълумотларни билиб олишимиз мумкин. Бундан ташқари, шоир Яқинийнинг «Ўқ ва ёй» асарида Саккокий турк (ўзбек) шоирларининг мужтаҳили (ғайратлиси) деб таърифланиши, унинг ўз замонасининг забардаст шоирларидан бири эканлигини билдиради. Саккокий Темурийлар салтанатининг пойтахти Самарқандда умргузаронлик қилиб, ижод этган. Саккокий – шоирнинг тахаллуси бўлиб, унинг асл номи маълум эмас. «Саккок» (пичоқчи) сўзидан, у ҳунарманд оилада туғилган деган фикрни тахмин қилиш мумкин. Саккокий ХIV асрнинг иккинчи ярмида ёки ХIV асрнинг охирги чорагида туғилганини эса ҳижрий 810 (1407–1408) йилда Амир Темурнинг набираси Халил Султонга бағишлаган қасидасидаги мисрасидан тахминан билиб олиш мумкин:
Тарихқа саккиз юз доғи ўн эрдию қадр ахшоми,
Бир ой туғудди дунёда ким мамлакатда хон эрур.
Чунки шоир бу қасидасини анча ижодий тажрибага эга бўлгандан кейин, тахминан 30 ёшларида ёзган бўлиши керак, деб тахмин қилишади адабиётчилар. Бизнингча, Саккокий ижодининг гуллаган вақти Улуғбек ҳукмронлик қилган даврларга (1409–1449) тўғри келади. Тарихдан маълумки, буюк мунажжим ва етук давлат арбоби Мирзо Улуғбек маърифатпарвар подшоҳ бўлиш билан бирга илм-фан, санъат ва адабиёт аҳлининг ҳомийси ҳам эди. Ана шу фикрдан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, Саккокий Улуғбекдан паноҳ топган алломалар сирасига кириб, унинг ижодий фаолияти одил подшоҳ билан боғлиқдир. Саккокий ўз ҳомийсига атаб қасида битади ва унда Улуғбекни кўкларга кўтариб мақтайди ва унинг душманларига қарши ўз сўзлари билан зарба беради. Шоир Улуғбекка баҳо берар экан, шундай маърифатпарвар подшоҳ билан замондош бўлганидан фахр ҳиссини туяди. Саккокийнинг ўзи тузган девонининг бир неча қўлёзма нусхалари маълум бўлса-да, бу нусхаларнинг бирортаси ҳам тўла ва мукаммал нусха эмас. Жумладан, Лондонда, Британия музейида девоннинг тахминан ХVI аср ўрталарида кўчирилган бир нусхаси ва Тошкентда, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик интститутида 1937 йилда Шоислом исмли котиб томонидан қайсидир манбадан кўчирилган нусхаси сақланади.
Унинг ХV аср ўрталарида вафот этганлигини Навоийнинг Самарқандда бўлган йилларида Саккокий мухлислари билан учрашгани ва суҳбатлашгани билан изоҳлаш мумкин. Негаки, Саккокий бу даврда ҳаёт бўлмаган, агар ҳаёт бўлганида Навоий унинг ўзи билан учрашган бўларди.
Саккокий Улуғбек мадрасасида фаолият юритаётган вақтида унга атаб ёзган қасидасидаги яна бир мисрага эътиборни қаратсак, фойдадан холи бўлмас:
Раият қўй эрур, Султон анга чўпон ё бўри,
Бўри ўлгаю қўй тинғай, чу Мусотек шубон келди, – деб ёзади.
Бу билан Саккокий ўша даврдаги ҳукмдорлар ҳақида фикр юритади ва адолатли ҳукмдорларни чўпонга, адолатсиз ҳукмдорларни бўрига ўхшатади. Улуғбек давлат тепасига келиши воқеасини шоир қуйидагича ифодалайди:
Жаҳондин кетти ташвишу мабодойи амон келди,
Халойиқ айш этинг бу кун, сурури жовидон келди.
Улуғбекка бағишлаб ёзилган қасидада халқ, улус, раият, омонлик, сурур, адолат сўзлари кўп учрайди. Бундан кўриниб турибдики, замонасининг илғор фикрли кишиси сифатида буюк шоир Саккокий халқ аҳволини ўйлаган ҳолда, Улуғбекдек маърифатли ҳукмдорни давлат тепасига келиши халқ учун яхши иш бўлганлигидан мамнун эканлигини изҳор этган.
Шундай қилиб, ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек, Мавлоно Саккокий ажойиб лирик шеърлар ва бетакрор қасидалар ижод этган ҳамда ўзбек мумтоз адабиётининг равнақ топиб, гуллаб-яшнашига маълум ҳисса қўшган буюк шоирлардан бири сифатида тариҳда муҳрланди. Саккокийнинг адабий фаолияти замондошлари Лутфий, Гадоий, Атоий каби Навоий ижодига ҳам катта таъсир кўрсатган; ўзбек дунёвий лирикасини ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатдан бойитган.
Саккокий ижоди замондошларимиз завқу эҳтиромига ҳар доим сазовор бўлаверади. Айни шу хислатлари билан у биз учун улкан тарбия мактаби бўлиб қолаверади. Улуғбек Мирзонинг қалам аҳлига кўрсатган марҳамати эса унинг нақадар доно ва одил подшоҳ бўлганини исботлайди.
Аслиддин Сафаров,
Регистон ансамбли гидлар бўлими бошлиғи.