Салом бериш - фаросат
Одатий иш кунларимизнинг бирида ёши улуғроқ ҳамкасбларимдан бири “Ва алайкум ассалом”, дея кириб келди. Билиб турибман, у кейинги вақтларда салом бермай қўйганимга писанда қилаётганди...
Йўқ, адашманг, шариатимизнинг савоб ва гуноҳ, ҳалол ва ҳаром борасида кўрсатмаларидан яхши хабардорман. Лекин солиҳ бир инсондан гуноҳни енгил санайдиган фожир кимсага айлана бораётганимни билиб туриб, парво қилмайман. Бу тахлит ҳавойи нафсимга эргашиш билан исломий ахлоқ меъёрларидан чекинаётганим фақат ўзимга зарарлигини ҳам тушунсам-да, тан олгим келмайди.
Яна шуни ҳам биламанки, барчасидан хабардор зотдан яшириб бўлмаган бу қусурларимни Сизга айтишимдан мақсад нима эканлигини англаб етяпсиз. Аниқки, Аллоҳнинг энг суюкли бандаси Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳатто кичикларга ҳам аввал ўзлари салом берганини яхши биласиз. Ишонаманки, бу суннатга тўла риоя қиляпсиз.
Мен-чи?..
Одам гўшти еганмисиз?
Исломий ахлоқ меъёрларидан чекиниш ўзимга зарар келтираётганини айтдим. Ўша, салом бермасам-да алик олинган воқеа ривожи ҳам бунга яна бир далил бўлди.
- Салом берсанг алик олмайди, кесатиғига ўлайми, - дедим бошқа ҳамкасбимга. Шу билан бошланиб кетди, “унинг гўштини ейишни бошладик” (Биродарининг ғийбатини қилиш унинг гўштини ейиш билан баробарлигини айтмасам ҳам яхши биласиз).
Салом бериш савоб амаллигини, уни кимга беришим муҳиммаслигини, қарши томон алик олмаслиги амалим савобини камайтирмаслигини биламан. Бироқ такрор айтаман, ҳавойи нафсимга эргашиб шу кўйдаман.
Сиз-чи?..
Ўз амалингиз ҳақида ўйлайсизми ёки мен каби “одамхўрлик”дан қутулолмаяпсизми? Биродаримнинг хато-нуқсонларини унинг ортидан гапиришим ғийбат, ўзида йўқ амал-одатларини бошқа биров билан муҳокама қилишим эса туҳматлигини сира ўйлаб кўрмадим.
Унутиб қўяман, афсус...
Рост, унутиб қўяман. Бўлмаса, намоз Исломнинг шиори, мўминни бошқалардан ажратиб турувчи амал эканлигини, Аллоҳ таоло мусулмонларга имондан кейин намозни фарз қилганини яхши биламан.
Қиёматда ҳам бандалар, энг аввало, намоздан савол қилинишини, намозсиз бошқа иш-амаллар қабул қилинмаслигини, намозни эса қазо қилмай вақтида ўқиш фарзлигини (мажбурийлигини) тушунтириб ўтирманг. Аммо оддий турмуш ташвишлари билан ўралашиб ёки арзимас сабаблар туфайли намозларни осонгина қолдириб юборавераман.
Бунинг ортидан эса Қуръони каримда «Бас, қачон уйларга кирсангизлар, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак покиза саломни айтинглар (яъни, «Ассалому алайкум», денглар)» ("Нур" сураси, 61-оят) тарзида баён этилганини унутиб қўяман.
Умуман, исломда саломлашув ибодат амал сифатида талқин этилиши баробарида учрашган кишига қилинган дуо эканлиги ҳадисда эслатилган. Буни ўқиб, миямда чарх ураётган саволга жавоб топишга уринаман: намозники унутиб Яратувчи зот амрини бажармаяпман, бошқаларни дуо қила олармиканман?
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Иймон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизга муҳаббат қилмагунингизча иймонли бўла олмайсизлар. Агар амал қилсангиз, ўрталарингизда муҳаббат пайдо этадиган нарсага сизларни далолат қилайми? Орангизда саломни ёйинг”, дедилар (Имом Муслим).
Бугун, ҳозир ўзгараман
Фаросат – англаш, тушуниш маъноларини англатади. Қораламани бежиз салом бериш - фаросат, деб номламадим. Мен ҳам англадим, чунки сиз каби менинг ҳам олий ниятим – жаннат. Ҳадисдан англашиладики, жаннатнинг калити – иймон, иймонли бўлиш учун эса бир-биримизга муҳаббатли бўлиш, бунинг учун эса “саломни ёймоқлик” зарур экан.
Бас, эртагамас, бугун ўзгараман: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва барокатуҳу.
Ёқубжон МАРҚАЕВ.