Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти жамоаси “Истиқлол умидлари” танловида ғолиб бўлди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотлар, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда вазирликнинг ҳудудий бўлинмаларида фаолият юритаётган 35 ёшдан ошмаган ёш ходимлар ва давлат хизматчиларидан ташкил топган жамоалар ўртасида “Истиқбол умидлари” танлови ташкил этилмоқда. Кеча “Истиқбол умидлари” танловининг дастлабки босқичига старт берилди.

Танловда қишлоқ хўжалигига ихтисослашган 7 та олий таълим муассасалари қатнашди.

Қизиқарли ва баҳс-мунозараларга бой ўтган мусобақада Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг  “Агролеадерс” жамоаси 3-ўринни,  Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг “Саҳро умидлари” жамоаси 2-ўринни қўлга киритди. Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтининг “Агроинтеллект” жамоаси эса фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, кейинги босқичга йўлланма олди.

Мазкур танлов 4 босқичда ўтказилиши режалаштирилган. Биринчи босқичда қишлоқ хўжалиги тизимидаги олий таълим муассасалари, иккинчи босқичида илмий-тадқиқот институтлари, учинчи босқичда вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва тўртинчи босқич вазирлик тизимидаги юқори турувчи ижро органлари ўртасида ўтказилади.

Ҳар бир босқичда ғолибликни қўлга киритган 4 та жамоа жорий йилнинг декабрь ойида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида финал босқичида иштирок этади.

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтининг “Агроинтеллект” жамоаси декабрь ойида бўлиб ўтадиган финал ўйинида институт шаънини ҳимоя қилади.